Россияда 9 май куни Сталин бюсти очилди

9 май куни Россиядаги йирик шаҳарлардан бири – Новосибирскда Сталин бюстининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Маросимни ўтказишда Новосибирск шаҳар мэри бош-қош бўлди.

Новосибирскда Иосиф Сталиннинг бюстини ўрнатиш шаҳар фуқаролари ўртасида қизғин баҳсларни юзага келтирди. Аксарият фуқаролар шаҳарда Сталин бюстининг ўрнатилишига мутлақо тоқат қилиб бўлмайдиган ҳолат деб ҳисоблашларини билдирдилар. Аммо, бугунги кунда Новосибирск шаҳри мэри Россия коммунистик партияси вакили бўлгани охир-оқибат ҳайкални ўрнатилишида муҳим роль ўйнади.

Ҳайкални тантанали очиш маросимида коммунистик партия вакили бўлган мэр Анатолий Локоть жумладан қўйидагиларни гапирди:

"Биз ғолиблармиз. Аниқроғи, ғолиблар фарзандларимиз. Шунинг учун Иккинчи жаҳон урушида ғолиб бўлган оталаримизни, боболаримизни қаҳрамонликларини унутишга асло ҳаққимиз йўқ. Шу жумладан, Сталиннинг бу урушда қозонилган ғалаба учун қилган хизматларини. Агар ўшанда у Бош қўмондон бўлмаганида ва Армияни бошқармаганида уруш биз учун бошқача, аянчли тугаши ҳам мумкин эди".