Россияда аҳоли фақат мусулмонлар ҳисобидан кўпаймоқда
Россия 1991 йилдан буёғига демографик муаммолар гирдобида яшаяпти.
СССР тарқаши ортидан Собиқ Иттифоқ республикаларидан кўплаб одамлар кўчиб келди. Бундай кўчиб келишлар ҳанузгача давом этаяпти. Аммо, барибир, Россияда аҳоли сони сезиларли камайиб бормоқда. Бунинг сабаби, мамлакатда туғилиш кўрсаткичи ниҳоятда паст. Ҳозирги кунда Россияда фақат мусулмонлар яшайдиган минтақаларда ёки мусулмонлар оиласида туғилиш кўрсаткичлари бирмунча яхши. Бошқаларда эса кўрсаткич жуда паст. Шунинг ҳисобига Россияда яшаётган мусулмонлар давлатни демографик фалокатдан асраб туришибди.
Оммавийлиги жиҳатидан Ислом Россияда насронийликдан кейинда турган бўлса-да, унга эътиқод қилувчилар сони кескин ортиб бораётгани боис, таҳлилчилар бу мамлакат тобора мусулмонлашаётганини билдирмоқда. Сабаби ўша, мамлакатда мусулмон аҳоли ўртасида туғилиш кўрсаткичлари анча юқори.
Россияда 2010 йилда ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш натижаларига кўра, мамлакатда Исломга эътиқод қилувчилар сони 15 миллион атрофида бўлган.
Бу аҳолининг 10 фоизи демакдир. Атиги уч йил ичида бу кўрсаткич кескин кўтарилиб, 20 миллионга чиқди.
Бу рақамни Россия Мусулмонлар идораси ҳам тасдиқлади.
Айни пайтда бу мамлакатда аҳолининг 14 фоизидан ортиқроғи Ислом динига эътиқод қилади ва туғилаётган ҳар 4 нафар инсоннинг бири мусулмон оиласида туғилаяпти.
Интернет маълумотлари асосида тайёрланди.