Россияда биринчи 5G телефон минораси ёқиб юборилди. Одамлар 5G татбиқ этилишидан нега қўрқишмоқда?

Шимолий Осетиянинг Ногир номли қишлоқ ёнидаги базавий станция ёқиб юборилди, бунинг оқибатида маҳаллий аҳоли алоқасиз қолди. Ресуплика раҳбари бу иш 5G алоқасига қарши курашувчилар томонидан уюштирилган бўлиши мумкин эканлигини таъкидлади.

Россияда сўнгги вақтларда мобил алоқа ва 5G алоқасининг татбиқ этилишига қарши курашувчи фаоллар кўпаймоқда. Шимолий Осетия раҳбари Вячеслав Битаровнинг сўзларига кўра, Ногир қишлоғи аҳолисини алоқа билан таминлайдиган минорани 5G технологиясига ишонмайдиган, мазкур технология нурлантирувчи ҳусусиятга эга ва одамларга “чиплар” ўрнатилишига мўлжалланган деб ҳисобловчи маҳаллий фаоллар томонидан ёқиб юборилган бўлиши мумкин. Бу ҳақда ТАСС нашри хабар берди.

“Кўпчилик коронавирус йўқ, ҳеч қандай хавф ҳам йўқ, деб таъкидламоқда. Гўё буларнинг барчаси одамларни қўрқитиб, резервацияларга ҳайдаб, кейин 5G антенналарини ўрнатиб, одамларни нурлантириб, ҳушларини йўқотганларидан сўнг уларга чиплар ўрнатилишидан манфаатдор қандайдир номаълум кучлар томонидан уюштирилган”, деди Вячеслав Битаров.

Мобил алоқалари базавий стнацияларига ҳужумлар кетма-кетлиги дастлаб Европада бошланди. Буюк Британияда бир ой ичида 20 дан ориқ минора ёқиб юборилди. Нидерландияда эса тўрт нафар бундай ҳолат қайд этилди. Барча ҳолатларнинг сабаби бир хил – гўё 5G ёрдамида одамларни чиплаштириш бошланади ёки унинг ёрдамида кераксиз одамлар қириб ташланади.

5G алоқаси атрофидаги шов-шувлар билан боғлиқ ҳақиқатга тўғри келмайдиган хабарларни асосан оддий одамлар (мутахассис бўлмаган одамлар) тарқатади. Улар маълумотларни ижтимоий тармоқларга жойлайди, “ҳақиқатларни очиб ташловчи” видеолавҳалар тайёрлайди ва одамларнинг “кўзларини очишга” ўринадилар. Бундай видеолавҳалар миллионлаб томошабин йиға олади, шу жумладан, рус тилидаги интернет оламида ҳам.

5G фитналар назариясининг сўнгги намуналарида Microsoft компанияси асосчиси ва унинг собиқ раҳбари бўлган Билл Гейтс номи кўп тилга олинмоқда. Билл Гейтс 5G татбиқ этишдан тортиб коронавирусни яратганликда, турли ёмон таъсирли эмлашларнинг татбиқ этилишида, жаҳон фитнасида, “чиплаштиришда”, “зомбилаштиришда” ҳатто инсониятни қириб ташлашга ўринишда ҳам айбланмоқда.

5G алоқаси атрофида тарқатилаётган шов-шувли хабарлар қанчалик ҳақиқатга яқин?

Ҳозирги кунда 5G ва ундан олдинги мобил алоқа авлодларининг хавфли эканлигини илмий тасдиқловчи биронта ҳам далил йўқ. Интернетда тарқалаётган барча “ҳайратлантирувчи ҳақиқатлар”, уйдирма фаразлар ва ўйлаб топилган фитналар назариясига асосланган. 5G мобил алоқаси 4G алоқасидан деярли фарқ қилмайди. Бешинчи авлод мобил алоқаси фақатгина бир неча баробар тез ишлаш хусусиятига эга.