Россияда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирини деб болалар боғчасини ёпиб қўйишди
Ўзбекистонлик кекса меҳнат муҳожири ўзи билмаган ҳолда Россиянинг Новочебоксарск шаҳридаги суд ишига сабаб бўлди, деб ёзмоқда nuz.uz.
Ушбу шаҳардаги боғчалардан бирини ўзбекистонлик ёши кекса меҳнат муҳожири туфайли ёпиб қўйишди.
Гап шундаки, Новочебоксарск шаҳридаги 10-«Сказка» болалар боғчасининг мудираси 2018 йилнинг ноябрь ойида ўзбекистонлик 63 ёшли меҳнат муҳожирини қоровулликка ишга олади. Россия қонунларига кўра у бу ҳақда 3 кун ичида Миграция хизматига маълум қилиши лозим эди. Боғча мудираси бу ҳақда Миграция хизматига хабар бермаган. У кейинчалик қонунчиликда бундай тартиб борлигини билмаганини айтган.
Ушбу қоидабузарлик ҳақида хабар топишганидан сўнг, Новочебоксарск шаҳри Миграция хизмати даъвоси билан боғча мудирасига қарши судда иш очилди ва у тегишли тартибда кўриб чиқилди.
Суднинг қарорига кўра, боғча фаолияти 14 кунга тўхтатилди, унинг кириш қисмини ёпиб муҳрлаб кетишди.
Хабарда ўзбекистонлик кекса ёшли меҳнат муҳожирининг кейинги тақдири нима бўлгани ҳақида умуман гап йўқ.