Рубль тушишда давом этмоқда, мигрантлар Россияни тарк этиши кутиляпти
15 август куни эрталаб Россия банки асосий ставкасини 12 фоизга оширди. Бу кутилмаган қарор бўлди. Биринчидан, ставкани ошириш учун регулятор директорлар кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишини чақирди - бу жуда камдан-кам ҳолларда содир бўлади (охирги марта 2022 йил 26 майда бўлган). Иккинчидан, бозор анча вазмин қадамларни кутаётган эди. Натижада, Россия валютасининг курси маҳаллий максимал 101 рублдан 95 рублгача мустаҳкамланди, аммо ярим соат ичида Москва биржасида Америка валютаси яна 98, кейинроқ эса 99 рублгача кўтарилди.
Йил бошидан бери рубль долларга нисбатан деярли 30 фоизга қадрсизланди - ҳатто ошган ставкани ҳисобга олган ҳолда ҳам бирорта рубль депозити бундай рентабелликни бермайди. Шу каби фоиз ставкасини ошириш эса жуда хавфли: кредитлар ҳаддан ташқари қиммат бўлади ва иқтисодиёт тўхтайди. Бунинг олдини олиш учун Марказий банк директорлар кенгаши қарор қабул қилишда мувозанат қидирмоқда.
Нима сабабдан рублнинг тушиши тўхтамаяпти?
• Бу сабаблар орасида биринчи навбатда Россия экспорт хомашёси нархининг пастлиги ва сотишнинг камайиши бор. Август ойидан бери Россия бозорга нефть етказиб беришни кунига 500 минг баррелга қисқартирди. Бу эса мамлакатга валюта тушумини камайтириб, дефицитни юзага келтиради.
• Иккинчидан, санкциялар туфайли экспортчиларнинг даромадлари таркиби ўзгарди: улар ҳозирда ўз тўловларининг деярли ярмини рублда қабул қилмоқда, бу ҳам доллар ва евро оқимини чеклайди.
• Давлат харажатлари юқорилигича қолмоқда, бу импорт ва бозорда танқис бўлган валютага талабни оширади.
• Бундан ташқари, агар сиёсатчи ва банк арбоби Орешкиннинг версияси тўғри бўлса, яъни рубль кредитлашнинг юқори ставкалари туфайли заифлашаётган бўлса, унда ставка кўтарилгандан сўнг тасвир дарҳол ўзгармайди: иқтисодиётда янги кредит шартларининг таъсири тахминан ярим йил ичида пайдо бўлади.
Рубль доллар ва еврога нисбатан заифлашишининг яна бир аянчли ҳолати - мамлакат аҳолисининг 8 фоизини ташкил этаётган меҳнат муҳожирларининг учдан бир қисми даромадларнинг камайиши туфайли Россияни тарк этиши мумкин. Бундай прогнозни Москвадаги ўзбек диаспораси раҳбари Баҳром Исмоилов берди. Ўзбек диаспораси вакиллари ўртасида ўтказилган сўров натижаларига кўра, респондентларнинг 50 фоизи доллар курсининг ўсиши туфайли Россияни тарк этиш ҳақида ўйлаши, 25 фоизи буни режалаштирмаётгани, 25 фоизи эса ҳали жавоб тўғрисида қарор қабул қилмагани маълум бўлди. Онлайн сўровда жами 22 800 киши иштирок этди, деб ёзади “Ведомости”.
Г.Холдорова тайёрлади.