Садир Жапаров Қирғизистон Президенти лавозимига расман киришди
Бишкекдаги Миллий филармония биносида Садир Жапаровнинг инаугурация маросими ўтказилди. Маросимда С.Жапаров давлат раҳбари лавозимида мамлакат халқига хизмат қилишга қасамёд қилиб, расман Қирғизистон президенти сифатида иш бошлади.
Мамлакат марказий сайлов комиссияси раҳбари Нуржан Шайлдабекова янги президентга давлат раҳбари рамзлари — кўкрак нишони, штандарт ва давлат раҳбари гувоҳномасини топширди.
Жапаров ўтган йил октябрида Қирғизистонда парламент сайловлари ортидан рўй берган тартибсизликлар натижасида ҳокимиятга келди ва бош вазирликка сайланди. Аввалги президент Соронбой Жээнбеков истеъфога чиққач, Жапаров президент вазифасини бажарувчига айланди, кўп ўтмай мамлакатда 2021 йилнинг 10 январида муддатидан аввалги президентлик сайловлари ўтказилиши белгиланди. Сайловда номзод сифатида иштирок этиш учун Жапаров вақтинча президентликдан кетди ва бош вазир вазифасини бажаришни ҳам тўхтатди. 20 январь куни Марказий сайлов комиссияси овоз бюллетенлари 100 фоиз ҳисоблаб чиқилгани ва Жапаров 79,23 фоиз овоз олганини эълон қилди.