Садриддин Айний ҳақида билмаганларимиз аён бўлмоқда. Иккинчи мақола
30 йилларга келиб, амир салтанатидан қўрқмаган одам шўро сиёсатидан даҳшатга тушади. Чунки 20 йилларнинг охиридаёқ қатағон булутлари кўк юзини қоплаётган эди. Синчков, воқеликнинг ички жараёнларини теран тушунадиган ижодкорнинг булардан бехабар қолиши мумкин эмас эди. Шу боис ўтмиш мавзуида ёзилган бўлса-да, "Дохунда" (1930), "Қуллар" (1934) романларида Октябрь тўнтариши арафаси ва ундан кейинги давр воқеалари атрофлича ёритилади. Ўша давр адабиётшунослиги тили билан айтганда, "ёт унсурлар", "босмачилар" ҳаракатларига муносабат билдирилади. Албатта, бу ҳаракатга қўшилганлар орасида мол-мулкидан жудо бўлган, ерлари мусодара қилинган аламзадалар кўпчиликни ташкил қиларди. Буларнинг аксарияти саводсиз, узоқни кўролмайдиган кишилар бўлиб, миллий озодлик, Ватан мустақиллиги ва дин равнақи учун курашга киришганлар жуда озчиликни ташкил қилган. Оломончилик кайфиятига асосланган бу оқим шунинг учун миллий ҳаракат тусига айланмаган. Қолаверса, жамиятдаги мавжуд табақаларни бирлаштирадиган ягона бир ғоя, мақсад, манфаатлар бирлиги йўқ эди.
Ўтган тузумда "босмачилар ҳаракати" деб ном олган сиёсий ҳаракатнинг Фарғона ҳудудидаги вакиллари фаолиятига доир манбалар анчагина. Бироқ Бухоро музофотидаги бу ҳаракат вакиллари ҳақидаги маълумотлар фақатгина Айний асарларидагина сақланиб қолган. Бу хусусда бошқа бадиий, илмий, публицистик манбалар кам. Ушбу ҳаракатга Садриддин Айний хайрихоҳ бўлмаган, лекин бу фактлар беиз йўқолиб кетмаган, тарихий ҳодиса сифатида қайд этилган.
1928 йил "Маориф ва ўқитувчи" журналида ёзувчининг "Қулбобо" ҳикояси чоп этилади. Акмал Икромовнинг маслаҳати билан шу ҳикоя асосида "Қуллар" романи яратилади. Ёзувчи Ф.Хўжаев, А.Икромов, Н.Тўрақулов каби партия ва давлат арбоблари билан яқин муносабатда бўлган. Асарларининг ёзилишида уларнинг таклиф-мулоҳазаларини ҳисобга олган. Ва табиийки, муайян масалалар замона мафкурасига мувофиқ тарзда талқин этилган. Яна шуни таъкидлаш керакки, романга ўхшаш йирик эпик асарда ҳозир бўлаётган воқеликни объектив ёритиш душвор. Эпик асар табиатан бўлиб ўтган воқеаларни қаламга олади. Чунки у вақтнинг чиғириғидан ўтиб, муайян бир якунга етган бўлади. Шу сабаб "Дохунда" ва "Қуллар" сюжетининг кульминация ва ечимида ғоявийликнинг мақоми ошади.
Тарихий воқеаларни бадиий талқин этишда баъзи масалаларда ижодкорнинг субъектив қарашлари устунлик қилганлигини ҳам қайд этиш жоиз. Шундай масалалардан бири жадидизм - ёш бухороликлар ҳаракати. Шўро сиёсати аввал жадидчилик ғояларини қўллаб-қувватлаб, ҳар томонлама кўмак бериб туради. Янги тузум ўз асосини мустаҳкамлаб олганидан сўнг жадидларга эҳтиёжи қолмайди. Бу ҳаракат иштирокчилари таъқибга олинади, қамалади, қатағонга учрайди.
Файзулла Хўжаев Садриддин Айнийнинг "Бухоро инқилоби тарихи учун материаллар" асарида жадидизмга нотўғри ва мавҳум баҳо берилганлигини қайд этар экан, "Айнийнинг жадидизм билан большевизмни яхлит, бузилмас, бир-бири билан боғланган бир бутун ҳаракат тариқасида талқин қилишга уринганлиги ҳаммадан ҳам қизиқроқ бўлиб чиқди", деб ёзади.
Шавкат ҲАСАНОВ,
филология фанлари доктори.
(Давоми бор).