Садриддин Айний ҳақида билмаганларимиз аён бўлмоқда. Учинчи мақола
Бундан ташқари, ҳар иккала романнинг охирги бобларида совет воқелигига бағишланган тасвирлар чўзилиб кетгандек туюлади. Агар ана шу совет воқелигига бағишланган ўринларга диққат қилинса, асар бошларидаги объектив, табиий ва айниёна тасвир ўрнини публицистик оҳанг, ташвиқот услуби эгаллаганлигини илғаш қийин эмас. Ўзликни ҳимоя қилиш инстинкти ишга тушади, ҳар иккала асарнинг сўнгги фасллари соцреализм методи тамойилларига мувофиқлашади.
Ушбу романлар ёзилганда ёзувчи 53-56 ёшлар атрофида бўлган. Инсон ёши ўтган сари вазминроқ, мулоҳазакорроқ бўлиб бораверади. Асарларида янги воқеликни тараннум этса-да, ёзувчи ҳар қандай кутилмаган вазиятга руҳан тайёрланиб, ҳадик ичида қамалишини кутиб яшаган. Бу бежиз эмас эди. Асарларида айтилиши керак бўлмаган баъзи гаплар учрардики, айнийшунослар ҳам бу масалаларни четлаб ўтишган. "Қуллар" романининг ўн еттинчи фаслида татар бойининг Абдураҳимбой уйида меҳмон бўлиш эпизоди бор. Шу меҳмондорчилик асносида чоризм сиёсатининг моҳияти теран таҳлил қилинади.
"…Татар бойи суяниб ўтирган парёстиқдан тикланиб, совиёзган чойидан икки ҳўплам ичди ва жисмоний қарилиги устига қандайдир руҳий бир тушкунлик сездириб ўтирган Абдураҳимбойга қараб:
– Бой оға, – деди, – бизни бундай ҳурматлаб сийлаганингизга раҳмат, лекин не учун гапирмайсиз ёки уйқунгиз келдими?
– Дунё бузилди, юртни рус олди. Энди қандай қилиб мусулмон кишининг гапиришга тили, қувонишга кўнгли боради, – деди Абдураҳимбой.
– Да… шулай шул, – деди татар бойи олдига қўйилган қайноқ чойдан бир-икки қошиқ ичгач, – мусулмон юртига кофирларнинг оёқ босишига, мусулмон давлатига ғайридин бир давлатнинг қўл суқишига ҳеч бир мусулмон хафа бўлмасдан тура олмайди. Лекин худонинг тақдирига кўнмаслик, ёзмишдан ризосизлик ҳам мусулмон кишининг иши эмас…
– Оре, қазога ризо бўлиш керак, – деб имом татар бойнинг сўзини қувватлади" (88-бет).
Ўша даврда қалтис ҳисобланган бу мавзулар талқини персонажлар тилидан бўлса-да, бошқа асарларида ҳам учраб турарди.
Амирликда жиноятчилар калтакланган, зиндонга ташланган, камдан кам ҳоллардагина ўлимга ҳукм этилган. Арзимас сабабларга кўра, отувга ҳукм қилинаётганлар қисмати ёзувчини изтиробга солган, қайғуга чўмдирган. У ҳам оддий бир инсон сифатида инсон ҳаётининг нақадар омонатлигини, қатли кушнинг залворини чуқур ҳис қилган. 1936-1938 йилларни адиб ижодида руҳий тушкунлик даври дейиш мумкин.
1939 йилга келиб, қатағон қутқуси батамом битмаган бўлса-да, дунё янги бир бало – Иккинчи жаҳон уруши арафасида эди. "Судхўрнинг ўлими" шу йили ёзилган. Асар тез ёзилиши мумкин, бироқ уни ёзишга тайёргарлик бир пасда амалга ошадиган жараён эмас. Қисса сюжети ёзувчининг талабалик даврларидаги воқеаларга асосланган.
Шавкат ҲАСАНОВ,
филология фанлари доктори.
(Давоми бор).