Самарқанд аэропортида 4 миллион сўмга яқин сифати кафолатланмаган атир маҳсулотлари ушлаб қолинди

Божхоначилар томонидан сифати кафолатланмаган маҳсулотларни юртимизга яширин йўллар билан олиб киришга бўлган уринишларга ўз вақтида чек қўйилмоқда.
Хусусан, Самарқанд халқаро аэропортига “Домодедово-Самарқанд” йўналишидаги авиарейс билан учиб келган фуқаро Н.С. “яшил йўлак” орқали ҳаракатланар экан, божхоначилар эътиборини тортди. Шундан сўнг ушбу шахсга тегишли багаж сумкаси белгиланган тартибда, холислар иштирокида текширилди. Натижада сумка ичидан умумий қиймати 2 миллион сўмга яқин атир маҳсулотлари борлиги аниқланди.
Шунингдек, божхоначилар ўша куни “Истанбул-Самарқанд” йўналишидаги авиарейс билан учиб келиб, “яшил” йўлак орқали божхона назоратидан ўтаётган фуқаро Ш.М.га тегишли багаж сумкасида умумий қиймати 2 100 000 сўмлик атир маҳсулотлари борлигини аниқлаб, ашёвий далил сифатида олиб қўйишди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан божхоначилар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилиб, дастлабки божхона суриштирувлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, амалдаги тартиб-қоидага кўра, жисмоний шахслар томонидан божхона чегаралари орқали 3 донадан кўп бўлмаган атир ва ифор таратувчи сувларни божхона тўловларисиз олиб кириш белгиланган.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.