Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтида маданий мерос объектларини асраш факультети очилади
“Туризм ва спорт вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5054-сон, 06.04.2021 й.) қабул қилинди. Бу ҳақда ҳуқуқий ахборот канали хабар бермоқда.
➡️ Қарорга кўра, Маданият вазирлигининг моддий маданий мерос соҳасидаги ЮНЕСКО билан ишлаш ҳамда музейлар ва кутубхоналарни ривожлантириш билан боғлиқ вазифа ва функциялари тегишлилигича Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Маданий мерос агентлигига ўтказилди.
🔰 Қарорга кўра, 2021/2022 ўқув йилидан:
- Тошкент архитектура-қурилиш институти ва Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтида маданий мерос объектларини асраш факультетлари;
- Бухоро архитектура ва қурилиш коллежида Маданий мерос объектларини асраш йўналиши очилади.
🏢 Шунингдек, Туризм ва спорт вазирлиги таъсисчилигида “Оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш дирекцияси” давлат унитар корхонаси ташкил этилади.
🖥 2021 йил давомида моддий маданий мерос объектлари, музей, спорт мажмуалари ва бошқа намойиш объектларида электрон тўлов, турникет (лазер-датчикли) ва видео қайд қилиш мосламаларини ўрнатишни, кириш билетларини олдиндан сотиб олишни назарда тутувчи ягона марказлашган электрон тизим жорий этилади.
🔁 2021 йил 1 сентябрга қадар мазкур тизим намуна сифатида Самарқанд шаҳрида йўлга қўйилади.
📌 Бундан ташқари, ҳудудларда узоқ йиллар давомида шаклланган меъморчилик мактабларини сақлаб қолиш ва ривожлантириш мақсадида давлат муассасаси шаклида “Маданий мерос объектлари реставрацияси дирекцияси” ва босқичма-босқич равишда унинг минтақавий реставрация марказлари ташкил этилади.
❗️Эслатиб ўтамиз: ҳозирча Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтида архитектура ёдгорликлари реставрацияси ва реконструксияси йўналиши мавжуд бўлиб, унда 64 нафар талаба таҳсил олмоқда.