Самарқанд давлат чет тиллар институти – юртимиз ва хорижда ўз ўрнига эга олий таълим муассасаси бўлади

Ватанимиз мустақиллигининг натижаси ўлароқ ташкил этилган Самарқанд давлат чет тиллар институти 30 ёшга тўлди. Ўтган давр мобайнида институт шаклланиш босқичини босиб ўтиб, бугун юртимиздаги кўзга кўринган олий таълим муассасаларидан бирига айланди. Институти ректори Баҳодир ХОЛИҚОВ билан суҳбатимиз институтнинг 30 йиллик фаолияти, эришилган ютуқлар, амалга оширилаётган ишлар ва келгуси режалар ҳақида бўлди.

– Битта факультет негизида ташкил этилган институт ўтган 30 йил ичида тўла шаклланиб, республикамиздаги нуфузли олий таълим муассасаларидан бирига айланди. Лекин бунинг замирида қанча меҳнат, заҳмат борлигини шу даргоҳда фаолият юритаётганлар бошқалардан кўра теранроқ англайди. Сиз ҳам, гарчи жорий йилда институтга раҳбар бўлиб келган бўлсангиз-да, бундан аввал шу институт фаолияти билан яхши таниш таълим соҳаси вакили сифатида институт босиб ўтган йўл ҳақида нималар дея оласиз?

– Чет тиллар соҳасида кадрлар тайёрлашни жадаллаштириш, минтақадаги корхоналар ва муассасаларнинг кенгайиб бораётган халқаро алоқаларни юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш мақсадида 1994 йил 8 ноябрда “Самарқанд давлат чет тиллар институтини ташкил этиш тўғрисида” Президент фармони қабул қилинган эди.

Ана шу воқеликка бу йил 30 йил тўлди. Самарқанд давлат университетининг тегишли факультети негизида ташкил этилган институтда дастлабки йилларда немис филологияси, инглиз филологияси, француз филологияси ва мактабгача тарбия факультетлари ҳамда иккинчи тил, фалсафа ва иқтисод, умумий тилшунослик, жаҳон адабиёти кафедралари фаолият кўрсатган. 500 нафар атрофида талаба таҳсил олган.

Институтимиз жамоасининг йиллар давомида орттирган тажрибаси, тўплаган малакаси, кўрсатган фидойиликлари натижасида ана шу янги илм-маърифат маскани ўз ўрнига эга бўлган олий ўқув юрти сифатида эътирофга сазовор бўлди. Бугунга келиб Самарқанд давлат чет тиллар институти 13 минг нафарга яқин талаба таҳсил олаётган, фақатгина Ўзбекистонда эмас, хорижда ҳам танилган олий таълим муассасаларидан бирига айланди. Институтимиз нафақат Самарқанд, балки Навоий, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари учун хорижий тил мутахассисларини тайёрловчи етакчи таълим даргоҳига айланди.

Бугун институтимиз ташкил этилганидан фаолият юритиб, унинг ривожига улкан ҳисса қўшган Бердиқул Турсунов, Муҳаммаджон Маматов, Иноятулла Сувонқулов, Анатолий Бушуй, Пошали Усмон, Неъмат Турниёзов, Ўғилой Отавалиева, Муҳаммаджон Холбеков, Абдумурод Кўчибоев, Нуриддин Бегалиев, Эрмат Искандаров сингари устозларни (охиратлари обод бўлсин!) фахр билан ёдга оламиз. Айни пайтда ҳам биз билан ҳамкорлик қилаётган, бирга ишлаётган Юсуф Абдуллаев, Шаҳриёр Сафаров, Шуҳрат Сирожиддинов, Ғанишер Раҳимов, Илҳомжон Тўхтасинов, Ашур Яхшиев, Мухтор Бегматов, Ибодулла Илёсов, Муяссар Маҳмудова, Мустафо Бозоров каби олимларимиз меҳнатини қадрлаймиз.

Ҳозир институтимизда 8 та факультет, 25 та кафедра фаолият кўрсатмоқда. 19 та таълим йўналиши, 16 та магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрланмоқда. Меҳнат бозоридаги талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб, жорий ўқув йилидан туризм ва меҳмондўстлик таълим йўналиши очилди. Мазкур таълим йўналишлари ва мутахассисликларида 12500 нафардан зиёд бакалавр, 400 нафарга яқин магистр таҳсил олмоқда. Уларга сабоқ бераётган 553 нафар профессор-ўқитувчиларимизнинг 161 нафари илмий даражага эга. Жумладан, 36 нафар фан доктори, профессор, 125 нафар фан номзоди, фалсафа доктори (PhD), доцентлардир. 405 нафар хорижий тиллардан дарс берадиган ўқитувчиларимиз C2, C1, B2 тил билиш сертификатига эга. Профессор-ўқитувчилар мунтазам равишда республикамиздаги малака ошириш марказлари ҳамда хорижий олий таълим муассасаларида ўз малакаларини ошириб келмоқда. Биргина жорий йилда 54 нафар ўқитувчимиз юртимизда, 19 нафари хорижда малака оширди. Таълим сифатини ошириш мақсадида кейинги икки йилда 54 нафар хорижлик мутахассис ишга жалб қилинди.

– Таълимнинг натижаси сифат ва самарадорлик билан ўлчанади. Бу эса бевосита моддий-техник базага боғлиқ. Институтга молиявий мустақиллик берилиши бу имкониятларни кенгайтиришга қанчалик таъсир кўрсатди?

– Институтга молиявий мустақиллик берилиши таълим сифати ва самарадорлиги ошишига катта туртки берди, десак хато бўлмайди. Чет тили мутахассисларига бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2021-2022-ўқув йилидан бошлаб Нарпай ва Пайариқ туманларида институт филиаллари очилиб, хорижий тиллар факультетлари фаолияти йўлга қўйилди. Ҳозирги кунда мазкур факультетларда уч йўналиш бўйича 580 нафардан ортиқ талаба таҳсил олмоқда. Бу факультетлар учун икки туманда ҳам собиқ коллеж бинолари ажратилиб, ўтган давр мобайнида талабалар ва профессор-ўқитувчилар учун зарур шароитлар яратилди, талабалар турар жойлари қурилди.

Бундан ташқари, айни пайтда Самарқанд тумани маркази бўлган Гулобод қўрғонида ҳам институт учун яна бир бино ажратилиб, реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Бу ерда минг ўринли ўқув биноси, шунингдек, талабалар турар жойлари ташкил этилмоқда.

Жорий ўқув йили аввалида институтимизнинг 2 минг ўринли янги ўқув биноси фойдаланишга топширилди. 74 миллиард 287 миллион сўм маблағ ҳисобидан бунёд этилган 7 қаватли бинода 85 та ўқув хонаси, замонавий ахборот технологиялари билан жиҳозланган 300 ўринли мустақил таълим хонаси, 320 ўринли фаоллар зали, ахборот-ресурс маркази, 2 та синхрон таржима амалиёти хонаси, музей, конференциялар зали ҳамда спорт ва маънавий-маърифий тадбирларга мўлжалланган 5 та хона мавжуд. Мазкур бинода учта факультет талабалари таҳсил олишмоқда.

Умуман, дастлаб биттагина ўқув биносида фаолият бошлаган институтимизда ҳозирда ўқув бинолари сони 7 тага, талабалар тураржойлари 5 тага етди. Яқин йилларда бу рақамлар янада ошиши кутилмоқда. Бунинг учун институтнинг иқтисодий имкониятлари ҳам, илмий салоҳияти ҳам етарли. Бу, албатта, давлатимиз раҳбари бошчилигида олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, олий ўқув юртларига молиявий ва академик мустақиллик берилиши самарасидир.

Қабул квоталарининг оширилиши, институт учун ажратилаётган маблағлар, хорижий грантлар, таълим жараёни, ўқув дастурлари бугунги кун талаблари асосида йўлга қўйилган. Таълим кредит-модул тизими асосида ташкил этилган. Бошқарув ва таълим тизимини рақамлаштириш мақсадида 2020-2021-ўқув йилидан ўқув жараёнлари HEMIS ахборот-бошқарув тизимида олиб борилмоқда. Натижада ўқув жараёни тўлиқ электронлаштирилиб, дарс жадваллари, рейтинг дафтарчаси, академик гуруҳ журнали, талабалар давомати, назоратлар жадвали, қайдномалар, тўлов-шартномалари мазкур тизим орқали электрон шаклда юритилмоқда.

Талабаларга “Ягона дарча” тамойили асосида марказлашган ҳолда бир жойдан хизмат кўрсатиш мақсадида “Регистратор офиси” фаолияти йўлга қўйилган.

Талабаларга кенг имконият бериш, уларнинг стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Inkubation and acceleration senter” ва яна бошқа қатор лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда.

Таълим сифатини ошириш ва чет тилларини ўқитишни янада такомиллаштириш мақсадида Британия кенгаши билан ҳамкорликда PRESETT дастури амалга оширилмоқда. Ушбу дастур бўйича талабаларга замонавий технологиялар ва инновацион усуллар ёрдамида дарслар ташкил этилади. Дарс жараёнида дидактик ўйинлар, мультимедиа воситаларини ва интернет манбаларини қўллаш, CYeFR талабларида белгиланган тўрт компетенцияларни жадал ривожлантириш мақсадида FLIPPED LEARNING, DOGME, HYBRID, “Зинама-зина”, “Чархпалак”, “3х4”, “Муаммо”, “SWOT”, “FSMU”, “Мулоқот”, “Скарабей” каби янгича педагогик технологиялардан кенг фойдаланилмоқда. Шунингдек, маъруза ва амалий дарсларда “Blis-so‘rov”, “Дебат”, “Чорраҳа”, “Режа”, “Ротация”, “Моделлаштириш”, “Кластер”, “Муаммоли вазият” каби интерфаол методлар қўлланилмоқда.

Институтда бугунги кунда бешта йўналиш бўйича илмий-тадқиқот мактаби фаолият олиб боряпти. Бу институт жамоасининг илмий салоҳияти йилдан-йилга ошиб бораётганидан далолатдир. Профессор-ўқитувчилар томонидан яратилган кўплаб ўқув қўлланмалар, дарсликлар ва илмий мақолаларнинг асосий қисми хорижий журналларда нашр қилинди. Институтнинг ўзида 3 та илмий журнал мавжуд. Яқинда яна 2 та илмий журнални ташкил этиш илмий кенгаш томонидан тасдиқланди. Энди институтимиз илмий журналлари сони 5 тани ташкил этмоқда. 52 та илмий ишланмага Интеллектуал мулк агентлиги томонидан муаллифлик гувоҳномалари берилган.

Ёшларнинг илм-фан ва инновация соҳасидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ёшлар академияси фаолиятини тубдан такомиллаштириш мақсадида ўтган ўқув йилида “Ёшлар академияси лидерлари” клуби ташкил этилганди. Клуб орқали талабаларнинг илмий соҳадаги билим ва тажрибаларини ошириш, илмий тадқиқотлар олиб боришлари учун кўникмага эга бўлишларига эътибор қаратилди. Ҳар бир факультетдан танланган номзодлар билан алоҳида-алоҳида ишланди. Уларнинг билим ва кўникмалари оширилди. Натижада бу талабалар ўзларининг лидерлик қобилиятларини намоён этиб, бошқаларга намуна бўлиб келишмоқда.

Яқинда институтимизда “Ёш олимлар жамияти” ташкил этилди. Ёшларни илм ўрганишга, илмий тадқиқот ишларини олиб боришлари учун кўникмаларга эга бўлишларига имконият яратилди. “Устоз – шогирд” анъаналарига асосан иқтидорли талабалар устозларга бириктирилди. Айни кунларда илмга чанқоқ ва иқтидорли талабалар иштирокида “Талабалар илмий конференцияси” ташкил этилмоқда. Унда эллик нафардан ортиқ талабанинг илмий мақолалари тўпланиб, нашрга тайёрланяпти.

– Бугунги кунда институт профессор-ўқитувчилари вилоят миқёсидаги хайрли ишларга бош қўшаётгани ҳақида оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали ўқияпмиз. Жумладан, Нуробод ва Қўшработ туманларидаги мактабларга амалий ёрдам берилаётган экан...

– Ҳа, шундай. Ҳозирда вилоятимизнинг олис ҳудудларидаги таълим самарадорлиги паст бўлган умумий ўрта таълим мактабларига ўқув-услубий жиҳатдан ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Нуробод туманидаги 16 та мактабда институт профессор-ўқитувчилари томонидан маҳорат сабоқлари ташкил этилмоқда, ўқитувчилар тажрибаси оширилмоқда. Қўшработ туманида эса кам таъминланган оилалар фарзандлари, хорижий давлатларга ишлаш мақсадида кетаётган фуқаролар учун чет тилларни ўқитишга мўлжалланган иккита ўқув маркази ташкил этилди. Ўқув марказлари институтимиз томонидан жиҳозлар, ўқув адабиётлар, кўргазмали воситалар, замонавий ахборот технологиялари билан таъминланди. Марказлар тингловчиларига профессор-ўқитувчиларимиз томонидан инглиз, немис ва корейс тиллари ўқитилмоқда.

– Табиийки, чет тиллар институти бошқа олий таълим муассасаларига нисбатан ҳам кўпроқ халқаро ҳамкорликка эътибор қаратиши зарур. Бу борадаги ишлар ҳақида нима дея оласиз?

– Дунёнинг нуфузли олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви институт истиқболини белгилайди. Ҳозирги кунда институтимиз дунёнинг ривожланган давлатлари - АҚШ, Германия, Франция, Италия, Испания, Туркия, Жанубий Корея, Япония ва Хитойнинг нуфузли университетлари билан ҳамкорлик қилмоқда. Франциянинг Пуате университети, Испаниянинг Кадис, Кастилля Ла-Манча университетлари, Германиянинг Мюнхен тил ва таржима университети ҳамда Туркиянинг Бурдур Меҳмет Акиф Эрсой ва Ҳажеттепе университетлари билан Ерасмус+ дастурининг “Халқаро кредит мобиллиги” йўналишларида лойиҳалар амалга оширилмоқда. Шунингдек, АҚШ, Германия, Италия, Хитой ва Франциянинг Ўзбекистондаги элчихоналари ҳамда КОICА, “American Council”, Тошкентдаги Гёте институти каби халқаро ташкилотлар билан ҳам мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатилган.

2014 йилда Шанхай хорижий тиллар университети ва Самарқанд давлат чет тиллар институти ўртасида имзоланган ўзаро ҳамкорлик шартномасига мувофиқ институтимиз қошида Конфуций институти ташкил этилди. Бу ерда ҳар йили 100 нафардан ортиқ турли ёшдаги тингловчилар хитой тилини ўрганмоқда. 2017 йилнинг май ойида мазкур институт ҳамда ХХРнинг ЗТЕ ширкати ҳамкорлигида замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланган “Интеллектуал синф” ўқув хонаси, 2018 йилда эса замонавий “Синхрон таржима аудиторияси” ташкил этилди. Айни пайтда мазкур институтда 2 нафар маҳаллий ўқитувчи ҳамда ХХРнинг турли университетлари тавсиясига мувофиқ келган 6 нафар хитойлик профессор-ўқитувчи самарали фаолият олиб бормоқда.

2022-2024 йилларда АҚШнинг юртимиздаги элчихонаси ҳамда Халқаро таълим бўйича Америка Кенгаши билан ҳамкорликда “English Accyess Microscholarship Program” лойиҳаси ташкил этилганди. Лойиҳа доирасида вилоятимиз шаҳар ва туманларидаги мактаблардан 33 нафар иқтидорли ўқувчи танлов асосида саралаб олиниб, улар учун бепул инглиз тили курслари ташкил этилди. Мазкур лойиҳада институтнинг 4 нафар инглиз тили фани ўқитувчиси иштирок этди.

Ҳар йили август ойида ўнлаб хорижлик талабалар учун институтимизда Германиянинг DAAD ташкилоти билан ҳамкорликда ўзбек тили ва маданиятини ўргатишга қаратилган ёзги мактаб лойиҳаси амалга ошириб келинмоқда.

2023-2024-ўқув йилида турли хорижий грантлар асосида 40 нафарга яқин профессор-ўқитувчи ва 30 нафарга яқин талабамиз хорижий ҳамкор университетларда таҳсил олди, стажировка ўтади, малака оширди.

Яқинда хориж сафаридан қайтдим. Институтимиз делегацияси Лотин Америкасининг энг катта ва нуфузли университетларидан бири бўлган Мехико миллий автоном университети ва Мексиканинг Толука шаҳридаги Мехико штати автоном университетида бўлиб, мазкур нуфузли олий ўқув юртлари раҳбарияти билан ҳамкорлик меморандумларини имзоладик. Бундан олдинроқ Япониянинг Нара префектураси губернатори жаноб Макото Ямашита ҳамда Нара префектураси университети президенти жаноб Окюдо Масамилар бошчилигидаги япон делегацияси Самарқанд давлат чет тиллар институти меҳмони бўлишганди. Делегация раҳбарияти билан икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш, академик мобилликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилганди. Ҳар учала ҳамкор олий ўқув юрти билан талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви ҳамда илмий-педагогик алоқалар йўлга қўйилади. Энди ўқитувчиларимиз Япония ва Мексикада тажриба-стажировкаларга юборилади, талабаларимиз академик мобиллик дастурларида қатнашиш имкониятига эга бўлишади.

– Ҳар бир олий ўқув юрти бугун дунёнинг нуфузли олий таълим муассасалари рейтингига киришни мақсад қилган. Самарқанд давлат чет тиллар институти-чи? Институтни қачон шундай рўйхатларда кўришимиз мумкин?

- Ҳозирги кунда Ўзбекистон олий таълим муассасалари жаҳон илм-фан ва таълим маконида ўз нуфузини ошириб бормоқда. Чунки, олий таълим муассасалари муваффақиятининг асосий кўрсаткичлари глобал рейтингдир. Институт жамоаси рейтингни кўтариш учун зарур бўлган талаблар устида ишлаш вазифасини сидқидилдан бажариб келмоқда. Мана шу саъй-ҳаракатлар натижасида 2030 йилга бориб Самарқанд давлат чет тиллар институти халқаро эътироф этилган таълим муассасалари рейтингида 1000 таликдан ўрин олишни мақсад қилган. Жорий йил институтимиз Times higher education reyting тизими натижаларига кўра, 1001-1500 га кирди. Ишонаманки, жамоамиз халқаро эътироф этилган таълим муассасалари рейтингида 1000 таликдан ўрин олиш мақсади йўлида ҳамжиҳат бўлиб ҳаракат қилади.

Фурсатдан фойдаланиб, Самарқанд давлат чет тиллар институтида сабоқ олиб, айни пайтда мамлакатимиз ва хорижда меҳнат фаолиятини олиб бораётган собиқ битирувчиларимиз, ушбу даргоҳда меҳнат қилган профессор-ўқитувчилар ва бугунги жамоамиз ҳамда барча талабаларимизни илм даргоҳимизнинг ўттиз йиллиги билан табриклайман!

Ғолиб ҲАСАНОВ суҳбатлашди.