Самарқанд давлат университетида фермерлар учун семинар бўлди

Мазкур анжуманда вилоятдаги 200 нафарга яқин фермер хўжаликлари раҳбарлари, мутахассислар ва томорқа ер эгалари иштирок этди.

Дастлаб Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти профессор-ўқитувчилари баҳор мавсумида далаларда ўтказилиши зарур бўлган агротехник тадбирлар ҳақида тушунча берди. Хусусан, эрта баҳорда ерни экишга тайёрлаш, экиш ва экинларни дастлабки парваришлаш, сабзавотчилик ва боғдорчиликдаги муҳим тадбирлар, ўсимликлар касаллик ва зараркунандаларига қарши курашишда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар фермерлар учун зарур тавсия бўлди.

Семинарда, шунингдек, маҳаллий ва хорижий ташкилот ҳамда корхоналарнинг маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди.

Академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти Самарқанд таянч пункти олим ва мутахассислари мевали дарахтларнинг янги навларини намойиш қилди.

Шавкат АКРАМОВ.