Самарқанд давлат университетида “Таълим тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси муҳокама этилди
Жорий йилнинг 29 февраль куни Самарқанд давлат университетида Ўзбекистон Республикаси “Таълим тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, профессор-ўқитувчилар, талабалар иштирок этди.
- Бугун ҳукуматимиз томонидан таълим тизимига катта эътибор берилмоқда, - деди университет ректори, сенатор Рустам Холмуродов. – Шунингдек, таълим соҳасига қўйилаётган талаб ҳам юқори. “Таълим тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси муҳокамага ташланаётган экан, биз ўз тажрибамиздан келиб чиқиб, таклиф ва мулоҳазаларимизни берамиз. Ҳали таълим тизимида ўз ечимини кутаётган камчилик ва муаммолар йўқ эмас.
Тадбирда Парламент қуйи палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт қўмитаси раиси Эркин Зоҳидов ва қўмита аъзоси Мухтор Ибрагимовлар ушбу қонун лойиҳаси юзасидан тақдимот намойиш этди. Аввало, қонуннинг қадр-қиммати, халқимиз манфаатига хизмат қилишига эътибор қаратилди. Амалдаги “Таълим тўғрисида”ги Қонун билан янги таҳрирдаги қонуннинг тафовутлари, тузилиши, қонун лойиҳасига қўшимча киритилган асосий моддалар ва янгиликлар тўғрисида иштирокчиларга маълумот берилди.
Тадбирда айрим камчиликлар ўртага ташланиб, муҳокама этилди. Шунингдек, профессор-ўқитувчилар, талабалар томонидан берилган саволларга мутахассислардан етарлича жавоб олинди.
СамДУ матбуот хизмати.