“Самарқанд фестиваллар дирекцияси” ташкил этилади

Бу соҳадаги муаммоларга ечим бўла оладими?

Вилоятда ташкил этилаётган маданий тадбирлар ва концерт дастурлари кўпайди, лекин уларнинг савияси-чи? Тизимда кадрлар билан боғлиқ муаммолар бор, мавжуд 80 та маданият марказидан 62 таси ўз биносига эга бўлса, 18 тасида бино йўқ.

Маълумотларга кўра, вилоятда 138 та маданият ва санъат муассасаси бўлиб, уларда 3900 нафардан зиёд бошқарув, ижодий ва техник ходим ишлайди. Бу йил вилоятда ташкил қилинган 2500 дан зиёд маданий тадбир ва концерт дастурларига қарийб 692 минг аҳоли қамраб олинган, 4 та давлат театри томонидан намойиш этилган спектаклларга 395 минг нафар томошабин жалб қилинган.

- 2024 йил вилоятда, асосан, янги лойиҳалар доирасида халқаро тадбирлар кўп ўтказилди, - дейди вилоят маданият бошқармаси бошлиғи Ориф Ҳайитов. – Жумладан, “Маданият карвони”, халқ ҳаваскорлик жамоалари иштирокида “Халқ ижодиёти карвони”, “Маданият кунлари” лойиҳалари асосида вилоятнинг барча ҳудудларида таниқли санъаткор ва актёрлар томонидан кўнгилочар тадбирлар, концертлар ташкил этилди. Самарқанд шаҳри “МДҲнинг маданият пойтахти” мақомида бўлгани учун йил давомида МДҲ мамлакатлари халқлари ўртасидаги дўстлик ва яқин ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди. Маданият ва санъат намояндаларининг қадимий кентга саёҳатлари, улар иштирокида ижодий кечалар уюштирилди. Шу билан бирга, узоқ йиллик танаффусдан кейин анъанавий “Шарқ тароналари” ХIII Халқаро мусиқа фестивали ўтказилди.

Намунали маданият марказлари йил охиригача фойдаланишга топшириладими?

Давлат раҳбари топшириғига кўра, бу йил вилоятдаги ҳар бир туман ва шаҳарда биттадан намунали маданият марказини қуриш ва таъмирлаш, шунингдек, вилоятда тасдиқланган режа асосида 16 та маданият маркази таъмирланиши керак эди. 

- 2023 йил 22 декабрь куни Президентимиз раҳбарлигида Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида жорий йилнинг 1 ноябрига қадар ҳар бир туман ва шаҳардаги маданият марказлари фаолиятини самарали ташкил қилиш мақсадида концерт томоша зали, кутубхона, кинозал ва тўгарак хоналари бўлган биттадан намунали маданият маркази фаолиятини йўлга қўйиш топшириғи берилган эди,  - дейди О.Ҳайитов. – Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида 16 та маданият марказини таъмирлаш белгиланган бўлиб, бугунги кунга қадар 9 та Самарқанд шаҳар (5-сон), Каттақўрғон шаҳар (8-сон), Булунғур (12-сон), Оқдарё (43-сон), Пайариқ (48-сон), Паст Дарғом (55-сон), Пахтачи (62-сон), Самарқанд (67-сон) ва Ургут (76-сон) туманларидаги маданият марказларида қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилиб, фойдаланишга топширилди.

Айни пайтда  Жомбой (16-сон), Иштихон (24-сон), Каттақўрғон (26-сон), Қўшработ (31-сон), Нарпай (37-сон), Тойлоқ (72-сон) туманларида маданият марказларини қуриш ва таъмирлаш ишлари белгиланган вақтда топширилмаган бўлса, Нуробод тумани ҳокимлиги томонидан маданият маркази учун энди маблағ ажратилиб, ҳозирда лойиҳа таклиф ва смета ҳужжатларини тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.

Вилоятда тасдиқланган режага кўра, 5 та (Булунғур туманидаги 11-сон, Иштихон туманидаги 21-сон, Паст Дарғом туманидаги 56- ва 58-сон, Тойлоқ туманидаги 74-сон) маданият марказларининг бинолари давлат-хусусий шериклик асосида қайта ташкил этишга берилган бўлиб, Паст Дарғом ва Тойлоқ туманларидаги маданият марказларининг бинолари қайта таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Ургут туманидаги 75 ва 77-сон маданият марказларининг бинолари ҳомийлар ёрдамида таъмирланган бўлса, Булунғур туманидаги 11-сон, Иштихон туманидаги 21-сон маданият марказларида таъмирлаш ишлари ҳамда Қўшработ туманидаги 31-сон маданият марказида қурилиш ва таъмирлаш ишлари давом этмоқда.

Маданият тизимидаги асосий муаммолардан бири – бу кадрлар масаласи. Чунки соҳада ходимлар этишмайди, бунинг устига, кадрларнинг қарийб 50 фоизи ўрта махсус маълумотли. Ходимларнинг аксарияти маоши камлиги ва норасмий тадбирларга чақирилиб, ҳақ тўланмаётганидан нолийди. Бошқарма бошлиғи Ориф Ҳайитовнинг таъкидлашича, мазкур муаммоларни ҳал этиш мақсадида келгусида вилоятда “Самарқанд фестиваллар дирекцияси”ни ташкил этиш режалаштирилган. Бунда ўтказиладиган барча маданий-маърифий тадбирлар учун ҳақ тўланади.

Шунингдек, вилоятда маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш мақсадида “Автоклуб” хизматини йўлга қўйиш, маданият тизими ташкилотларининг моддий-техник базасини яхшилаш, авария ва таъмирга муҳтож маданият марказларини давлат-хусусий шериклик асосида қуриш ва таъмирлаш кўзда тутилган.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.