Самарқанд шаҳар ЭТКда карантин қоидаларига амал қилинмаганлик ҳолати ўнгланди

Бугун ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳар электр таъминоти корхонасида электр энергияси учун тўлов мақсадида истеъмолчилар тўпланганлиги ва каратин қоидаларига риоя қилинмаётганлиги тўғрисида хабарлар тарқалди.

Мамлакатимиздаги эпидемиологик вазият, яъни карантин даврида халқимизга енгиллик яратиш мақсадида электр энергиясидан қарздор (жисмоний) истеъмолчилар тармоқдан вақтинча ажратилмаслиги ҳақида хабар берган эдик.

Сўнгги кунларда фойдаланилган электр энергиясидан вужудга келган қарздорликларнинг ортишига йўл қўймаслик мақсадида қарздор истеъмолчилар тармоқдан ажратилмоқда. Шу муносабат билан истеъмолчилардан ишлатилган электр энергияси учун тўловларни ўз вақтида амалга оширишларини сўраймиз.

Президентимизнинг “Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунунгдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети барқарорлигини таъминлаш ва биринчи навбатдаги тадбирларни ўз вақтида молиялаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида давлат бюджети барқарорлигини таъминлашнинг устувор йўналишларидан бири сифатида фуқаролик-шартномавий келишувлар асосида кўрсатилган хизматлар учун тўловларни амалга ошириш белгиланган. Қарздор фуқароларнинг хонадони МИБ Самарқанд шаҳар бўлими томонидан тармоқдан узилди.

Қарздор фуқароларни тармоқдан узиб қўйиш “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖнинг ваколатига кирмайди. Бу ишни фақат МИБ амалга оширади.

Ўрганиш давомида Самарқанд шаҳри ва туманлардаги айрим фуқароларнинг электр энергиясидан вужудга келган қарздорлиги ошиб келаётганлиги аниқланиб, тармоқдан узилган. Фуқароларга бюронинг давлат инспекторлари томонидан санитария ва гигиена талабларига риоя қилган ҳолда, қарздорликни ўз шароитидан келиб чиқиб, имконият даражасида бартараф қилиши мумкинлиги тушунтириб борилган. Бироқ фуқаролар буни тўғри тушунмаган ҳолда ижтимоий тармоқларга мурожаат қилган.

Шу ўринда фойдаланилган электр энергияси учун тўловларни туман электр таъминоти корхоналарига ташриф буюрмасдан мамлакатимизда мавжуд барча тўлов тизимлари (U-Pay, Click, Payme, Paynet ва бошқалар) ҳамда банкларнинг мобил иловалари орқали уйдан чиқмасдан ҳам амалга оширишингиз мумкинлигини яна бир бор эслатиб ўтамиз.

Фойдаланилган электр энергияси учун тўловларни ўз вақтида тўлаб боришингиз орқали энерготизимнинг барқарор ва самарали ишлаши, олиб борилаётган модернизация ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ишларининг ўз вақтида бажарилишига кўмак беради.

Айни вақтда Самарқанд шаҳар электр таъминоти корхонасидаги вазият истеъмолчилар ўртасида олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида тўлиқ бартараф этилди. Ҳозирда истеъмолчилар ўртасида икки метрдан кам бўлмаган масофада бинога тўрт кишидан кирилиб, электр энергияси учун тўловлар амалга оширилмоқда.

"Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари" АЖ матбуот хизмати.