Самарқанд шаҳар ҳокимининг фармойиши бекор қилинди. Реклама бозорида рақобат муҳити тикланди
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги “Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида”ги қарорига асосан, ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) ер участкаларида, шунингдек, давлат мулки бўлган бино ва иншоотларда жойлаштириш ҳуқуқини бериш «E-IJRO AUKSION» ягона электрон савдо майдончасида очиқ электрон аукционлар орқали амалга оширилади.
Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2020 йил 29 февралда Самарқанд вилояти ҳокимининг 31-К-сон қарори қабул қилинган.
Вилоят ҳокимлиги ишчи гуруҳи томонидан шаҳар ва туманлардаги ташқи реклама объектлари (конструкциялари)нинг қарор талабларига мувофиқлигини тўлиқ хатловдан ўтказди.
Ўрганиш давомида 133 та ташқи реклама воситалари қарор талабларига мослаштирилди, 91 та конструкциялар бўйича ҳужжатлар судга тақдим этилди, 247 таси демонтаж (олиб ташлаш) қилинди.
Хусусан, Самарқанд шаҳридаги “SAMLED” МЧЖ томонидан Университет хиёбонида 81 та, хатлов якунлангандан сўнг эса тегишли хужжатларсиз Беруний кўчасида 90 та, ўлчами 1х2 бўлган LED мониторлари ўрнатилганлиги аниқланиб, жамиятга барча ташқи реклама конструкцияларини қарор талабларига мувофиқлаштириш бўйича огоҳлантириш хати берилган.
Шу билан бирга, Монополияга қарши курашиш ҳудудий бошқармаси томонидан Самарқанд шаҳар ҳокимининг 2020 йил 18 июндаги 99-Ф-сон фармойишининг рақобат муҳитига таъсири ўрганилди. Мазкур фармойиш билан Университет хиёбонида 84 дона, Регистон кўчасида 25 дона, Беруний кўчасида 94 дона ҳамда Кимёгарлар қўрғонидаги Умид кўчасида 10 дона, жами 213 дона 1х2 ўлчамли LED мониторлари ўрнатилиши белгиланганлиги ҳамда LED мониторларни ўрнатиш ишлари “SAMLED” МЧЖга юклатилганлиги аниқланди.
Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги қонунининг 12-моддаси талаблари бузилганлиги сабабли Самарқанд шаҳар ҳокимлигига нисбатан иш қўзғатилиб, ҳокимликнинг 2020 йил 18 июндаги 99-Ф-сон фармойишини бекор қилиш тўғрисида кўрсатма берилди. Натижада, Самарқанд шаҳар ҳокимининг 2020 йил 7 июлдаги 120-Ф-сон фармойиши билан юқорида қайд этилган фармойиш ўз кучини йўқотган деб топилди ва Самарқанд шаҳрида ташқи реклама объектларини ўрнатиш бўйича тадбиркорлик субъектларига тенг шароит яратилди.