Самарқанд шаҳри қандай модернизация қилинади?

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида 2026−2030 йилларга мўлжалланган “Ўзбекистон-2030” стратегиясининг янгиланган лойиҳаси кўриб чиқилди.

Сенаторлар ва экспертлар иштирокида бўлиб ўтган муҳокамада таъкидланганидек, 350 дан ортиқ давлат органлари ва илмий марказлар таклифлари асосида такомиллаштирилган ушбу лойиҳа аввалги стратегиялардан ўзининг аниқ натижадорлиги ва рақамлаштирилган мезонлари билан тубдан фарқ қилади.

Хусусан, ҳужжатдан баҳолаб бўлмайдиган 130 та умумий шиор ва вазифалар чиқариб ташланди. Эндиликда ҳар бир мақсад “инсон қадри учун” тамойили асосида йиллар кесимида тақсимланган бўлиб, 60 га яқин вазирлик ва идоралар фаолияти алоҳида самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) асосида баҳоланиши белгиланди.

Қўмита мажлисида стратегик мақсадларни ҳудудий даражада амалга оширишнинг узвий давоми сифатида Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманини тугатиш ҳамда Оқдарё, Паст Дарғом, Тойлоқ туманлари ва Самарқанд шаҳри чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала ҳам муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, Самарқанд шаҳрини “миллионли шаҳар”га айлантириш, замонавий архитектура ечимларига эга турар жой ва нотурар биноларни қуриш, аҳолининг уй-жойларга бўлган талабини тўла қондириш, ҳудудларни инфратузилма билан таъминлаш орқали аҳолига муносиб яшаш шароитини яратиш мақсадида Самарқанд тумани алоҳида маъмурий-ҳудудий бирлик сифатида тугатилмоқда.

Чегаралар ўзгартирилиши ҳисобига Самарқанд шаҳри ҳудуди 11,8 минг гектардан 28,9 минг гектаргача кенгайиб, янги инвестиция ва қурилиш лойиҳалари учун кенг имкониятлар яратилмоқда.

Самарқанд шаҳрининг кенгайган ҳудудида янги туристик лойиҳалар, ўйин майдонлари, аквапарк, ҳаво шарлари, истироҳат боғлари каби кўнгилочар туризм ва дам олиш масканлари ташкил этилиши, янги яшил ҳудудлар ва хизмат кўрсатиш объектлари ва логистика марказлари қурилиши режалаштирилган.

Сенаторлар ўз чиқишларида таъкидлаганидек, мазкур ислоҳотлар Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “одамларни ҳаётдан рози қилиш” тамойилининг амалий ифодаси сифатида Самарқанднинг халқаро мегаполис нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Муҳокама якунида кўрилган масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.