Самарқанд шаҳрида ноқонуний барпо этилган яна бир қурилма олиб ташланди

Самарқанд вилояти ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси томонидан ҳудудларда кўп квартирали уй-жойларда таянч-тўсиқ конструкциялари ва коммуникацияларига ўзбошимчалик билан ўзгартириш киритиш, умумий фойдаланиш жойлари, уйга туташ ҳудудларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ва ноқонуний қурилиш қилиш каби ҳолатларга қарши назорат тадбирлари олиб борилмоқда.
Навбатдаги тадбир давомида Самарқанд шахрининг Али Қушчи маҳалласи, Рудакий кўчасидаги 84-, 88-кўп қаватли уйлар олдида фуқаролар томонидан енгил типдаги конструкциялар орқали умумий фойдаланишдаги жойларнинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги аниқланди.
Фуқаролар билан олиб борилган суҳбатлар давомида қонун талаби тушунтирилди. Ушбу ҳудуд умумфойдаланувдаги жой эканлиги, уни кимдир эгаллаб, шахсий ҳудуди сифатида фойдаланиши ноқонуний эканлиги таъкидланди. Натижада узунлиги қарийб 50 метр, эни 6 метр бўлган ноқонуний қурилма бузиб ташланди.
Бу каби тадбирлар режали тарзда давом эттирилмоқда...