Самарқанд шаҳрида Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни нишонланди

Байрам тадбирида қишлоқ хўжалиги ривожида самарали меҳнат қилиб келаётган 10 нафар ходим «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги фидойиси» кўкрак нишони, 40 нафарга яқин соҳа мутахассислари фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Тақдирланганларга мукофотларни Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳамда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев топширди.

Тадбир аввалида Адиз Бобоев аграр соҳада меҳнат қилиб келаётган илғорларни, улар тимсолида тизим вакилларини ушбу сана билан табриклади.

Қайд этилганидек, кейинги йилларда глобал иқлим ўзгаришлари таъсири, хусусан, ёз фаслининг кескин иссиқ бўлиши, сув ресурсларидаги сезиларли даражада тақчиллик деҳқонларимизнинг ирода ҳамда матонатини синовдан ўтказмоқда. Шунга қарамай, соҳада узоқни кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида барча тармоқларда мўл ҳосил етиштирилиб, йилдан йилга юқори марраларга эришилмоқда. Мисол учун, вилоятимиз деҳқонлари томонидан 891,1 минг тонна ғалла, 227,4 минг тонна пахта, қарийб 3,9 млн. тонна сабзавотлар, 765 минг тонна картошка, 189 минг тонна полиз маҳсулотлари, 397 минг тонна мевалар, 679 минг тонна узум, 3,9 минг тонна пилла, 339 минг тонна гўшт ҳамда 1,5 миллион тонна сут тайёрлашга эришилган.

Сувни тежаш ва ундан самарали фойдаланиш мақсадида 47 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий этилишига эришилган. Ушбу тадбирлар келгуси йилда ҳам давом эттирилиб, 28 минг гектар майдонда сув тежамкор технологиялар жорий қилинади.

Янги ерларни ўзлаштириш орқали озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш бўйича ҳам эътиборга лойиқ ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида 20 минг гектар ер майдонлари ўзлаштирилди.

Тадбирда аграр соҳанинг муҳим тармоғи бўлган пахтачиликда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида жорий мавсумда улкан натижалар қайд этилгани айтиб ўтилди. Мисол учун, жорий йилда биринчи марта пахта майдонларининг 10 фоизига тажриба синов тариқасида хорижий пахта навлари экилиб, ўзининг ижобий натижаларини кўрсатди. Келгуси йилда ҳам илғор тажрибалар кенг жорий қилиниб, Хитойда ўзини оқлаган 76 қўшқатор ва 90 лик экиш схемасига ўтилади.

Йиғим-терим натижаларига кўра, 79 та фермер хўжаликларида ҳосилдорлик 50 центнердан ошган.

Жорий йилда пахтани териб олишда қанчалик қийин бўлганлигини, шу сабабли  келгуси йилдан пахта ҳосилини 80-90 фоиз машинада териб олиш чоралари кўрилиши билдирилди.

Бошоқли дон етиштиришда ҳам рағбатлантириш тизими жорий этилгани ижобий самара бермоқда. Бу борада Иштихон, Нарпай, Пахтачи, Каттақўрғон, Жомбой ва Булунғур туманларида гектаридан ўртача ҳосилдорлик 87-90 центнерни ташкил этиб, вилоятда 252 та фермер ҳосилдорликни 100 центнердан ошириб, 100 центнерчилар синфи шаклланди.

Энг муҳими, 633 минг тонна ғалла деҳқон ва фермерлар ихтиёрида қолдирилган.

Мева-сабзавотчиликда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида йилнинг ўтган даври мобайнида 277 миллион доллар қийматидаги 223 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотлари Россия, Хитой, Туркия, Украина, АҚШ, Польша, Германия ва Канада каби 57 давлатга экспорт қилинган. Бу эса экспорт 2023 йилга нисбатан 104 миллион доллар ошганлигини кўрсатмоқда.

- Президентимизнинг яқинда (29 ноябрь) қабул қилинган “Самарқанд вилоятида инвестиция ва тадбиркорлик муҳитини янада ривожлантириш ҳамда аҳоли турмуш даражасини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, шубҳасиз, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга катта ҳисса қўшиш билан бирга, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам улкан имкониятлар яратиб беришини мамнуният билан таъкидлашни хоҳлардим, - деди А.Бобоев. - Жумладан, қарор билан Булунғур туманининг 6040 гектар ғалла майдонлари тўлиқ мева-сабзавотчиликка ихтисослаштирилади.

Туманда сув омбори қуриш лойиҳаси якунига етказилади. Бундан ташқари, Қўшработ туманида “Оқтепасой”, Нуробод туманида “Анжирли” сел сув омборлари барпо қилинади.

Тадбирда бир гуруҳ соҳа фидойиларига ташаккурномалар ва қимматбаҳо совғалар топширилди. Вилоятнинг таниқли санъаткорларининг куй-қўшиқлари йиғилганларга байрам кайфияти улашди.

Ё.Марқаев тайёрлади.