Самарқанд шаҳрида хотин-қизлар ўртасида велопойга мусобақаси бўлиб ўтди
Самарқанд шаҳридаги “Динамо” ўйингоҳида “Соғлом оила – жамият бойлиги” шиори остида хотин-қизлар ўртасида велопойга бўйича мусобақа ташкил этилди.
Вилоят ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси, велоспорт федерацияси вилоят бўлими ҳамкорлигида ўтказилган мусобақада вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларидан келган 50 нафарга яқин хотин-қизлар уч ёш тоифаси бўйича беллашди.
Мусобақа якунига кўра, Каттақўрғон туманидан келган Ойиша Адизова 45 ёшдан юқори бўлганлар орасида маррага биринчи бўлиб етиб келган бўлса, булунғурлик Бибиойша Мамаюсупова 30 ёшдан 45 ёшгача бўлганлар беллашувида эпчил эканлигини кўрсатди. Оқдарёлик Лобар Ғафурова эса 18 ёшдан 30 ёшгача бўлганлар орасида уч километр масофани биринчи бўлиб босиб ўтди.
Шунингдек, мусобақада “Энг ёши улуғ пойгачи”, “Энг иродали иштирокчи”, “Ғалабага бўлган интилиши учун”, “Энг фаол аёл пойгачи”, “Энг ёш аёл пойгачи”, “Энг маҳоратли пойгачи” наминациялари бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.
Ғолиб ва совриндорларга диплом ҳамда қимматбаҳо совғаларни бош вазир ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева, вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Г.Алимова топширди.
Ҳусан Элтоев.