Самарқанд шаҳридаги 10 та мактаб директорларига интизомий чора кўрилди, 36 нафар директор ва уларнинг ўринбосарлари қатъий огоҳлантирилди
Мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичлари бўйича Самарқанд вилояти республикада энг қуйи ўринда. Миллий рейтинг натижалари ҳам қониқарсиз ҳолатда. Бугунги кунда ушбу салбий натижаларни танқидий муҳокама қилиб, аниқ вазифалар белгилаган ҳолда камчиликларни бартараф этиш юзасидан вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан мактабларда таълим-тарбия жараёнлари ўрганилмоқда.
Жумладан, вилоят рейтингида ўтган йилги 5-ўриндан 7-ўринга тушган Самарқанд шаҳридаги мактабларнинг таълим-тарбия жараёнлари, соҳадаги янгиликларнинг амалиётга татбиқ этилаётгани, таълим муассасасининг куз-қиш мавсумига тайёрлик ҳолати ўрганилди.
Мазкур ўрганишлар натижаси вилоят халқ таълими бошқармасида Самарқанд шаҳридаги барча мактаб директорлари ва ўринбосарлари, шаҳар халқ таълими бўлими ходимлари иштирокида танқидий муҳокама қилинди.
Унда сўзга чиққан вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмонов баъзи мактаб директорлари, педагогларнинг ўз фаолиятида ўзгариш қилмаётгани, ҳаракатга келмаётгани ачинарли эканлигини алоҳида қайд этди. Шу боис вилоятда халқ таълими ходимлари, раҳбарларининг ўзгариши, яратилаётган кенг имконият ва имтиёзларга муносиб ҳаракат қилиши, уларни “уйғотиш” мақсадида бошқарма раҳбарияти ва ходимларининг ҳар бир мактабга кириб бориб, муаммони ўрганиш ва бартараф этиш чораларини кўриш зарурлигини таъкидлади.
Бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Қўлдош Саидов ишчи гуруҳ аъзоларининг Самарқанд шаҳридаги мактабларда олиб борган ўрганиш ишлари бўйича ҳисоботини ўқиб эшиттирди. Ўрганиш жараёнлари, мактаблардаги ободонлаштириш ишларининг ҳолати акс этган фотосуратлар тақдим этилди.
Таъкидланганидек, Самарқанд шаҳрида жами 82 та мактаб бўлиб, 2019/2020 ўқув йили якунида 25-, 53-, 61-, 74-, 78-мактабларидан бор йўғи 1 нафардан, 15-, 56-, 75-мактабларнинг 2 нафар битирувчилари ОТМга ўқишга кирган. Ваҳоланки, 25-мактабда 30 нафар, 53-мактабда 50 нафар, 15-мактабда 35 нафар, 56-мактабда эса 36 нафар ўқувчи битирган. 105 нафар ўқувчи битирган 31-мактабнинг бор йўғи 4 нафар битирувчиси, яъни 3,8 фоизи ОТМга ўқишга қабул қилинган.
Ўрганишлар давомида мактабларда директор ва ўринбосарларининг масъулиятсизлиги, меъёрий ҳужжатларнинг юритилиши, ўқувчилар билимини баҳолаш, уларнинг давомади, синфхоналарни иситиш билан боғлиқ қатор хато ва камчиликлар кўзга ташланди.
13-мактабнинг ўқув хоналарида парталарининг синганлиги, синфхоналари антисанитария ҳолатида эканлиги, айрим синфларда ўқувчилар карантин қоидаларига риоя қилмасдан дарс давомида ниқобсиз ўтирганлиги аниқланди.
Мактаб ҳожатхонасида хлорлаш ишлари амалга оширилмаган. Ўқувчиларнинг дарсларга қатнашиш давомати қониқарсиз аҳволда. Дарс ўтаётган ўқитувчилар айнан қайси ўқувчи анъанавий ёки онлайн шаклда таълим олаётганлиги тўғрисида аниқ маълумотга эга эмас.
Мактабда синф журналларининг юритилиши қониқарсиз аҳволда. Хусусан, 8-“б”-синф ўқувчилари С.Фахридинов, А.Фахридиновлар ўқув йили бошида бошқа вилоятга кўчиб кетган бўлса-да, рус тили фани ўқитувчиси Д.Ғафурова ўқувчиларга 14 сентабрдан 1-чорак якунига қадар баҳо чиқарган.
Шунингдек, шу синф ўқувчиси Ф.Аҳмадалиевага 2 ноябрь санасида назорат ишидан 4 баҳо қўйиб, сўнгра уни бўяб 5 баҳога ўзгартирган ва 1-чорак баҳосига ҳам 4 баҳо қўйиб, сўнгра уни бўяган ҳолда 5 га ўзгартирган.
Самарқанд шаҳридаги 74-умумтаълим мактабидаги муаммолар, бепарволик бинога киришданоқ бошланади. Масалан, асосий кириш эшигининг тутқичи синганига анча бўлган. Афсуски, ёпиқ эшикни очмоқчи бўлган киши анча уринишига тўғри келади.
Мактабнинг иситиш ҳолати қониқарсиз. Кўмир ва ўтин билан иситишга мўлжалланган 2 та қозонхонанинг бири носоз ҳолатда, занг босиб, яқин йиллар давомида ишлатилмаганлиги кўриниб турибди. Синфхоналарнинг совуқлиги сабабли ўқувчи ва ўқитувчилар қалин кийимларда ўтирибди.
6 тонна кўмирга буюртма берилган. Бироқ (21 ноябр санасигача) етказилмаган. Мактаб ҳожатхонаси 6 “очко”ли бўлиб, хлорланган. Бироқ тозаликка риоя қилинмаган. Ҳожатхонага кириш эшиклари носоз ҳолатда.
Мактаб кутубхонасида 800 та бадиий ва бошқа йўналишдаги китоблар мавжуд. Китобхонларнинг китоблардан фойдаланиш ҳолатини ўрганганимизда мактаб директори Раъно Ражабова охирги марта 2020 йилнинг 3 мартида Президент асарларидан бирини, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Гулбаҳор Муллажонова эса охирги марта 2020 йил 10 февралда кутубхонадан “Оқила қиз” номли китобни олган.
Деворларга ўрнатилган кўргазмали воситаларда кўплаб имловий хатоларни кўриш мумкин. Масалан, ўқитувчилар хонасидаги шиорлардан бири “Сифатсиз (у)тилган дарс, келажакка (к)илинган хиёнатдир” деб, пешлавҳалардан бирида эса 2020 йил номи “Iqtisodiy (o’)sish va yangi ommaviy axborotni rivojlantirish yili” қабилида мутлақо нотўғри, камига имловий хатолар билан қайд этилган. Наҳотки, 30 нафардан ортиқ ўқитувчи ҳар куни бир неча марталаб кириб-чиқаётган жойда ёзиб қўйилган бу пешлавҳаларнинг нотўғри эканлиги ҳеч кимнинг эътиборини тортмади? Бошқа деворий стендларда ҳам ана шундай имловий хатоларни кузатиш мумкин.
2019/2020 ўқув йилида мактабни 22 нафар ўқувчи битирган. Уларнинг атиги 1 нафари ОТМ (хорижий)га ўқишга кирганлиги таъкидланмоқда.
Самарқанд шаҳридаги 75-умумтаълим мактабининг иситиш ҳолати: кўмир ва ўтин билан иситишга мўлжалланган 4 та қозонхона мавжуд. Мактабнинг эски биносида “голланд печлари” бор ва улар синфхоналарни иситмоқда. 2,5 тонна кўмир ва 10 тонна кўмир брекети олиб келинган. Шу билан бирга, ўтин захираси ҳам йиғилган.
Мактабнинг эски ҳожатхонаси 1996 йилда қурилган, 8 “очко”ли, бугунги кунда ҳам фойдаланилиб келинмоқда. 2020 йилнинг август ойида қурилиши бошланган мактаб ҳожатхонаси 8 “очко”ли бўлиб, бугунги кунга қадар битказилмаган.
Деворларга ўрнатилган кўргазмали воситаларда кўплаб хатоларни кўриш мумкин. Болалар шоири, таниқли ижодкор Анвар Обиджон ижодига бағишланган стенд эскириб, эътибордан четда қолган. Буни шоир сурати остида унинг фақатгина туғилган йили қайд этилганидан билиш қийин эмас. Ваҳоланки, шоир 2020 йил апрель ойида вафот этган.
Дарс жадвали қайд этилган қоғоз деворга шунчаки кўзбўямачилик учун илингандек.
Мактабни 2019/2020 ўқув йилида 45 нафар ўқувчи битирган, уларнинг 1 нафари ОТМга ўқишга кирган. Афсуски, 37 нафар ўқитувчи орасида бирорта олий ёки биринчи тоифали ўқитувчи йўқ.
Шаҳардаги 64-мактабида ўқувчиларнинг дарсларга қатнашиш давомати ўрганилганда, ўқувчиларнинг неча нафари анъанавий, неча нафари онлайн таълим олиши тўғрисида аниқ маълумот мавжуд эмас. Ўқувчилар давомати кунлик юритилмаган, шаҳар халқ таълими бўлимига сохта — 100 фоиз ўқувчилар дарсларга қатнашганлиги тўғрисида ёлғон маълумотлар бериб келинган.
Ваҳоланки, синфлар кесимида ўқувчилар давомати ўрганилганда, 3“d” синфда 31 нафардан 13 нафари, 5“e” синфда 35 нафардан 11 нафари, 7“b” синфда 30 нафардан 13 нафари, 6“е” синфда 26 нафардан 11 нафари дарсларга қатнашмаётганлиги аниқланди. 7“е” синфида инглиз тили фани ўтилиши зарур бўлса-да, дарс ўтилмаяпти, синфхоналардаги айрим шкафларнинг ичи тартибсиз ҳолатда, кутубхона эшигининг ҳатто тутқичи ҳам мавжуд эмас.
Мактабда 21 нафар педагог-ходимга устама ҳақлари белгилаш назарда тутилган бўлиб, 5 нафар ўқитувчи учун устама белгилаш белгиланган талабга жавоб бермайди.
Мактаб директори, ўқув ва маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари дарс таҳлиллари ўрганилганда фақат ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Н.Ҳасанова 14 маротаба дарс таҳлил қилганлиги, қолган 2 нафар ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари М.Мухторова, Н.Равшанов, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари М.Ҳайдарова, Ф.Мансуровлар бирор маротаба дарс таҳлил қилмаган, ҳаттоки дафтар ҳам юритмаган. Ваҳоланки, мактаб директори ва унинг ўринбосарлари ҳафта давомида камида 4 соат дарсни таҳлил қилиб, ўқитувчилар фаолиятини, малака ва тажрибасини назорат қилиши зарур.
Умумтаълим муассасаларида йўл қўйилган қўпол хато ва камчиликлар, мактаб директорлари ва ўринбосарларининг ўз вазифасига масъулиятсизлиги сабабли 10 нафар мактаб директорларига меҳнат қонунчилигига мувофиқ интизомий чора кўрилди. 36 нафар мактаб директори ва директор ўринбосарлари фаолиятидаги сусткашлиги, камчиликларга кўз юмиб келганлиги сабабли қатъий огоҳлантирилди.
Дарҳақиқат, бугун таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар даврида соҳанинг тақдирига масъул бўлган халқ таълими ходимлари ўз фаолиятига эскича ёндашиши мумкин эмас. Юқорида қайд этилганидек, мактаблардаги ўзибўларчилик ҳолатларининг олдини олиш, педагогларни “уйғотиш” ҳамда мактаб директорларининг масъулиятини оширишда вилоят халқ таълими бошқармаси ишчи гуруҳининг ўрганишлари давом этади.
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.