Самарқанд шаҳридаги 3-туғруқхона бошқа жойга кўчади

Бу Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимовнинг 2020 йил 1 июлда қабул қилинган қарорида белгиланди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2020 йил 25 июнда “Самарқанд вилоятидаги ижтимоий соҳа муассасаларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган қарорга кўра, вилоятдаги бир қатор ижтимоий соҳа объектлари бошқа жойга кўчирилмоқда, уларнинг бўш турган биноларидан самарали фойдаланиш чоралари белгиланди.

Жумладан,

Самарқанд шаҳридаги 3-туғруқ бўлими Самарқанд туманидаги агросаноат касб-ҳунар коллежи бино ва иншоотлари тиббиёт муассасасига мослаштирилган ҳолда ушбу масканга кўчирилади. Туғруқхона бино ва иншоотлари эса Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиалига берилади.

Самарқанд шаҳридаги вилоят тери-таносил касалликлари диспансери Самарқанд туманидаги агросаноат касб-ҳунар коллежи ҳудудида барпо этиладиган янги бинога кўчирилади. Диспансернинг ҳозирги бино ва иншоотлари янги бино қуриш эвазига ташаббускор инвесторга берилади.

Л.М.Исаев номидаги тиббий паразитология илмий-текшириш институти учун Самарқанд туманидаги “Гулистон” массиви ҳудудида қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ерлардан бино ва иншоотлар қурилади. Институт ҳозир жойлашган бино ва иншоотлари, ер майдони билан биргаликда келгусида самарали фойдаланиш учун Самарқанд шаҳар ҳокимлигига берилади.