Самарқанд шаҳридаги “Дўстлик уйи”да Наврўз байрами тадбири бўлди
Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган ушбу тадбирда дошқозонларда баҳор таомлари – сумалак, ҳалиса, палов, ун оши тайёрланди, турли миллатлар ошхонасига хос бўлган юзга яқин таомлар тортилди.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Д.Маматқулов, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ф.Тошев вилоятимизда фаолият олиб бораётган озарбайжон, корейс, араб, тожик, рус, польяк каби 11 та миллий-маданий марказларнинг турли миллат ва элатлар вакиллари ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик муносабатларини мустаҳкам сақлаш, уларнинг диний эътиқодлари ва миллий ҳис-туйғуларини ҳурмат қилишни таъминлаб келаётганлигини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, юртимизда қадимдан яшаб келаётган турли миллат вакиллари ҳам Наврўзни улуғ байрам сифатида нишонлаб келаётгани айтилди.
- Ҳар йили Наврўзни нишонлаб келган бўлсак-да, турли миллат вакиллари билан биргаликда илк бора байрам қиляпмиз, - дейди вилоят араб миллий-маданий маркази раҳбари Хушбахт Худойқулов. – Тадбир вилоятимизда истиқомат қилаётган 30 мингдан зиёд араб диаспораси вакиллари номидан миллатимизга хос урф-одатлар, кийим-кечаклар ва таомларимизни намойиш этмоқдамиз.
Тинчликсевар миллатлар вакилларини жам қилган “Дўстлик уйи”да ўтказилган байрам тантаналари барчага ўзгача руҳ ва кайфият бағишлади.