Самарқанд шаҳридаги “Ҳунармандлар маркази»га пресс-тур уюштирилди

Кейинги йилларда давлатимиз томонидан ҳунармандчиликка алоҳида эътибор қаратиляпти. Айниқса, самарқандлик халқ амалий санъати усталари учун ўнлаб зарур шароитлар яратилди. Жумладан, 2010 йилда Самарқанд шаҳрида ташкил этилган “Ҳунармандлар маркази” уста-ҳунармандлар учун энг яхши масканлардан бири бўлди.

Бугун оммавий ахборот воситалари ходимлари учун ушбу марказда пресс-тур ўтказилди. Пресс-тур давомида журналист ва блогерлар “Ҳунармандлар маркази”даги теридан маҳсулот тайёрлаш, читгарлик, каштадўзлик, мисгарлик, декоратив кулолчилик, сандиқсозлик ва Самарқанд қадимий қоғози тайёрлаш жараёнлари ҳамда бу ҳунарлар тури билан шуғулланаётган ҳунармандлар фаолияти билан танишди.

- Айни кунда бу ерда 17 нафар ҳунарманд ва уларнинг 40 нафардан ортиқ шогирдлари 17 турдаги ҳунарни шу ернинг ўзида тайёрлаб, хорижлик сайёҳлар ва маҳаллий аҳолига намойиш этмоқда, - дейди “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи Умид Ҳакимов. – Шунингдек, улар шу ернинг ўзида сайёҳлар, ёшлар учун маҳорат дарслари ўтказмоқда.

Таъкидланишича, 2021 йилнинг 1 ноябрь ҳолатига кўра, “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бошқармасига 2779 нафар ҳунарманд аъзо бўлган. Уларнинг шогирдлари эса 4700 нафарга ошган. 2021 йилнинг 10 ойи давомида уюшмага 1042 нафар янги аъзолар жалб этилиб, 1920 нафар ёш шогирдликка қабул қилинган.

Уюшмада 181 нафар ҳунармандчилик билан шуғулланаётган турли миллат вакиллари бўлиб, “Уста-шогирд” анъанаси асосида уларга 215 нафардан ортиқ ишсиз ва банд бўлмаган аҳоли ҳамда ҳунармандчиликка қизиқувчи фуқаролар бириктирилган. Читгар Елена Ладик ана шундай ҳунармандлардан бири. Миллати беларусь бўлган украиналик бу ҳунарманд мазкур марказда 15 йилдан буён фаолият юритиб келяпти.

- 1979 йилда Украинадан Фарғонага кўчиб келганмиз, 15 йилдан буён эса Самарқанддаман, - дейди Е.Ладик. – Читгарликка қирқ ёшимда қизиқиб қолдим, ҳозиргача элликдан зиёд шогирдлар тайёрладим. Айни кунда бу ердаги устахонамизда 5 нафар читгар-дизайнер табиий матолардан, қўл меҳнати асосида либослар яратяпти. Ҳар бир композияси устида ойлаб ишлашга тўғри келади. Уларнинг бош кийимидан тортиб, пойабзалларигача яратилган либосларга уйғун бўлишига аҳамият берамиз. Биз кўргазмаларимизни Рига, Олма-ота, Москва каби кўплаб шаҳарларда намойиш этганмиз.