Самарқанд шаҳридаги кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатиш қачон яхшиланади?

-  Самарқанд шаҳридаги кўп қаватли уйлардаги лифтларнинг 40 таси янгиланади.

-  Алишер Навоий шоҳ кўчасида 1991 йилгача қурилган 5 та кўп қаватли уй синов тариқасида базальт билан қопланади.

-  “РК-1” иситиш қозонхонаси ишга туширилади ва шу ҳудуддаги хонадонлардаги барча икки контурли печлардан воз кечилади. 

Ушбу маълумотлар вилоят Матбуот уйида Самарқанд шаҳар уй-жой ва коммунал хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи Тўлқин Гулмуродов иштирокида бўлиб ўтган анжуманда айтилди.

Ҳозирда Самарқанд шаҳрида 1138 кўп қаватли уйларда 52 254 та хонадон бўлиб, уларнинг 906 таси 1991 йилгача қурилганларидир. 

- Президентимизнинг 2022 йил 4 августдаги “Кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш ва бошқарувчи ташкилотларни молиявий соғломлаштириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан кўп қаватли уй-жой мулкдорларга янада сифатли ҳамда тезкор хизмат кўрсатиш мақсадида 117 та хусусий уй-жой мулкдорлар ширкатлари ўрнига 1072 та кўп қаватли уйга хизмат кўрсатувчи 9 та бошқарув сервис компания (БСК)лари ташкил этилди, - дейди Тўлқин Гулмуродов. – Жумладан, “Нур Шарқ ТЕСС” БСКда 53 та, “Био-тех Сервис” БСКда 547 та, “Самарқанд олтин аср” БСК 161 та кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатмоқда.

Ҳозирда Самарқанд шаҳридаги кўп қаватли уйларнинг иситиш тизимларини яхшилаш мақсадида “РК-1” марказий қозонхонасини реконструкция ва модернизация қилиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Мазкур қозонхонада янги 3 та автоматик тизимли қозонлар ўрнатилиб, 15 километрдан зиёд иссиқлик тармоқ қувурлари янгилангач, ҳудуддаги 93 та кўп хонадонли уй-жой ҳамда 8 та ижтимоий соҳа объектларга иссиқ сув ва иссиқлик энергияси берилиши кўзда тутилган. Бугунгача 14,1 километр иссиқлик тармоқларининг еростидан ўтувчи қисми ётқизилиб, ертўлаларга 75 та индивидуал иссиқлик пунктлари ўрнатилди. Жорий йил охирида ишга туширилувчи ушбу қозонхонадаги 3 та қозонга ёрдамчи ускуналар ва 4 та сув насосларини ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

Дилмурод Тўхтаев.

Ҳусан Элтоев (фото).