Самарқанд шаҳрининг меъморий қиёфасини биргаликда сақлайлик!
Самарқанд шаҳри ўзининг тарихий масканлари, қадимий обидалари ҳамда улуғ аллома ва мутафаккирлари билан ер юзидаги 50 та энг гўзал шаҳар номи киритилган рўйхатнинг 6-поғонасидан ўрин эгаллаган.
Салкам уч минг йилга яқин тарихга эга Самарқанд шаҳри дунё аҳли тасаввурида ўзининг бетакрор тарихий обидалари ва меъморий қиёфаси билан шарқ гавҳари сифатида таассурот уйғотиб, жозибадорлиги жиҳатидан тарихий шаҳарлар ичида ажралиб туради.
Шаҳарда яратилган меъморий обидаларда олиб борилган улкан тиклаш ва таъмирлаш ишлари натижасида унинг кўҳна қиёфаси сақлаб қолинди.
Самарқанд шаҳрининг тарихий маркази ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилиши унинг дунё миқёсида эътироф этилишига ёрқин мисол бўла олади. Аниқроқ қилиб айтганда, тарихий марказ Умумжаҳон мероси қўмитаси қарори асосида (2001 йил, Финляндия Хельсинки шаҳрида 25-сессия) “Самарқанд - маданиятлар чорраҳаси” номи билан (“Афросиёб” қалъаси, Темурийлар даври ва Европа услубидаги XIX-XX асрларда барпо этилган иморатлар) Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ва Олий Мажлиснинг 1995 йил 22 декабрдаги қарори билан ратификация қилинган.
Бугунги кунда вилоятимизда 1607 та моддий-маданий мерос объектлари мавжуд. Уларнинг 973 таси археология, 564 таси архитектура, 36 таси монументал санъат асарлари ҳамда 34 таси диққатга сазовор жойлар ҳисобланади.
Кейинги йилларда моддий-маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, илмий ўрганиш, улардан оқилона фойдаланиш ва юртимизнинг сайёҳлик салоҳиятини оширишда уларнинг ўрни ва аҳамиятини ошириш ҳамда моддий маданий мерос соҳасидаги давлат назоратини тубдан такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилиб, қарор ва фармонлар қабул қилинган. Бироқ шунга қарамасдан давлат муҳофазасига олинган моддий маданий мерос объектларини бузиш ёки уларга шикаст етказиш каби салбий ҳолатларга йўл қўйилаётганлиги меъморий обидалар тақдирини хавф остида қолдирмоқда. Шу боис давлат муҳофазасига олинган моддий маданий мерос объектларини авайлаб, асраш устидан прокурор назорати ўрнатилиб, бу каби қонун бузилиш ҳолатлари бўйича маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик кучайтирилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 15 январдаги “Туризм, маданият, маданий мерос ва спорт соҳаларини янада ривожлантириш учун қўшимча шароитлар яратиш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, Бош прокуратурада спорт, маданият, маданий мерос ва туризм соҳаларидаги қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокурорларининг катта ёрдамчилари лавозимлари жорий этилди.
Унга асосан спорт, маданият, маданий мерос ва туризм соҳаларида, шу жумладан, объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишларига ажратилган Давлат бюджети маблағларидан оқилона, тежамкор ва самарали фойдаланилишини назорат қилиш асосий вазифалардан бири этиб белгиланди.
Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш қоидаларига риоя қилган ҳолда амалга ошириладиган барча қурилиш-таъмирлаш ишларини шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари асосида тегишли рухсатнома ва хулосаларни олган ҳолда олиб бориш талаб этилади. Ушбу талабларни бажармаслик жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 132-моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, унга кўра моддий-маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилган бўлса беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши белгилаб қўйилган.
Қисқа вақт ичида моддий-маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш қоидаларини, шунингдек, ўзбошимчалик билан амалдаги норматив ҳужжатлар ҳамда шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузиб, тегишли рухсатномасиз, ўзбошимчалик билан ноқонуний қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб борганликлари учун 96 нафар ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.
Аниқланган қўпол қонунбузарликлар юзасидан 6 та жиноят иши қўзғатилиб, 80,8 млрд. сўмлик етказилган зарарни қоплаш мақсадида 75,5 млрд. сўмлик мол-мулклар хатланиб, ундириб олинди.
Ўзининг шахсий манфаатини кўзлаган ҳолда қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга оширадиган шахсларнинг ноқонуний ҳаракатларига нисбатан ўз вақтида барҳам берилиб, жазо муқаррарлиги таъминланади.
Аждодларимиз томонидан асрлар давомида яратилган улуғвор ва муҳташам шаҳримизни кўз қорачиғидай асраб-авайлаб, уларни келажак авлодга бус-бутунлигича етказилишида ҳар биримиз масъулмиз. Тарихий, маънавий ва маданий меросни авайлаб, асраш эса ҳар биримизнинг конституциявий, қолаверса фуқаролик бурчимиздир.
Акрам Пардаев,
вилоят прокурорининг катта ёрдамчиси.