Самарқанд ва Олмаота ўртаси энди бир қадам
Самарқанд ва Олмаота шаҳарлари ўртасида мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилди.
Ушбу йўналиш бўйича дастлаб жорий йилнинг 8 июнида “Самарқанд-Олмаота-Самарқанд” йўналашида “Uzbekistan Airways” акциядорлик жамияти томонидан илк парвоз амалга оширилган эди.
Бугун Самарқанд халқаро аэропорти “Air Astana” авиакомпанияси томонидан “Олмаота-Самарқанд-Олмаота” йўналишида илк парвозни амалга оширган самолётни қабул қилди.
Илк парвозни кутиб олиш мақсадида ташкил этилган тантанали маросимда Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари Ботир Нуриллаев, Қозоғистоннинг Самарқанддаги консули Арсен Абдураҳмонов, “Samarqand xalqaro aeroporti” масъулияти чекланган жамияти директори Муроджон Жамолов иштирок этиб, янги авиа йўналишнинг нечоғлик аҳамиятли эканлигини таъкидлашди.
- Қозоқ ва ўзбек халқлари ўртасидаги дўстлик, қардошлик алоқалари қадимий асосга эга, шу боис бугунги кунда ҳам икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик ҳар томонлама мустаҳкам бўлиши зарур, - дейди Қозоғистоннинг Самарқанддаги консули Арсен Абдураҳмонов. – Шу мақсадда икки давлат раҳбарлари ташаббуслари билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Яқиндагина Самарқандда мамлакатимизнинг Бош консулхонасини ташкил қилган эдик. Мана ўзаро авиақатновларимиз ҳам йўлга қўйилди. Бу халқларимизнинг янада яқинлигини, дўстлигини, ҳамкорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
“Samarqand xalqaro aeroporti” масъулияти чекланган жамияти ахборот хизмати томонидан берилган маълумотларга кўра, “Самарқанд-Олмаота-Самарқанд” йўналишидаги парвозлар ҳафтанинг сешанба ва шанба кунлари амалга оширилса, “Олмаота-Самарқанд-Олмаота” йўналиши бўйича чоршанба ва якшанба кунлари авиақатнов йўлга қўйилган.
Таъкидлаш жоизки, Самарқанд халқаро аэропортида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ва модернизация ишлари дунёнинг етакчи авиаташувчилари томонидан юқори баҳоланиб, халқаро ҳамкорлик алоқаларида янги имкониятлар эшигини очмоқда. Бу борада белгиланган чора-тадбирлар доирасида тез орада Самарқанддан Россиянинг Москва ва Санкт-Петербург шаҳарларига мунтазам авиақатновларни тиклаш режалаштирилган.
Алишер Исроилов.