Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд вилояти ҳокими тадбиркорларнинг дардини тинглади

Уларни қийнаётган масалалар юзасидан масъулларга топшириқлар берилди

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов самарқандлик тадбиркорлар билан учрашиб, вилоятда тадбиркорликни ривожлантириш истиқболлари, бу борадаги муаммо ва таклифлар юзасидан фикр алмашди.

– Бугун юртимизда ишбилармонларга қаратилган эътибор, яратилган шароит ва имкониятлар баландпарвоз гап эмас, – деди Э.Турдимов учрашув аввалида. – Президентимиз ҳар бир чиқишида таъкидлаётганидек, мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳити, тадбиркорларнинг эркин ва самарали ишлаши учун шароит яратмай давлатимиз тараққиётини тасаввур қилиш қийин. Шунинг учун соҳа бўйича кўплаб фармон ва қарорлар қабул қилинмоқда. Уларнинг амалга ошиши учун барчамиз биргаликда ҳаракат қилишимиз керак. Ҳокимлар, мутасадди раҳбарлар тадбиркорни қўллаб-қувватлаши, тадбиркор эса ўз фаолияти билан ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириши, аҳоли бандлигини таъминлашга ҳисса қўшиши лозим.

Вилоят ҳокимининг қайд этишича, бугунги кунда Самарқандда 67 минг 700 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида 14 мингдан кўпроқ тадбиркор янгидан фаолият бошлади. Жумладан, уларнинг 8249 нафарини якка тартибдаги тадбиркорлар ташкил этади.

Афсуски, уларнинг барчаси ҳам бугун ўз фаолиятини изчил йўлга қўйиб, ишлаяпти, деб айтолмаймиз. Ер ажратиш, кредит олиш ёки фаолияти билан боғлиқ бошқа масалаларда сунъий тўсиқларга дуч келаётганлар ҳам анчагина. Бу эса тадбиркорлар ишига ғов бўляпти ва охир-оқибат бундан ўша ҳудуд иқтисодиёти, аҳолиси зарар кўряпти.

– Қарийб бир йилдан буён ҳафтанинг жума куни тадбиркорлар билан учрашиб уларнинг мурожаатларини эшитаётганимиздан хабардорсиз, – деди Э.Турдимов. – Ҳар ҳафта бошида 30-35 та мурожаат қайд этиляпти ва уларнинг аксарияти қабулгача ҳал этилмоқда. Муаммоли масалалар жума куни мутасаддилар иштирокида муҳокама этилмоқда. Ана шу учрашувларда билдирилган фикрлар ва жойларда тадбиркорлар билан мулоқотларимиздан келиб чиқиб, бугун сизлар билан учрашиб, дардларингизни тинглашга, муаммоларингизга мутасаддилар иштирокида шу ерда ечим топишга қарор қилдик. Ҳар бир мурожаат қайд этилиб, назоратга олинади.

Вилоятдаги ҳуқуқ-тартибот идоралари ва секторлар раҳбарлари, вилоят ҳокими ва туман, шаҳар ҳокимларининг ўринбосарлари, мутасадди идора ва бошқармалар бошлиқлари иштирокида ўтказилган учрашувда дастлаб вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Ш.Ахмедов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июнда қабул қилинган “Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида белгиланган янги тартиб-қоидалар ҳақида маълумот берди.

Шундан сўнг учрашувга келган тадбиркорлар вилоят ҳокимига мурожаат қилиб, ўзларини қийнаб келаётган масалаларга ечим сўради.

Пастдарғомлик тадбиркорнинг асаларичилик учун банкдан кредит олишда муаммоларга дуч келаётгани ҳақидаги мурожаатига жавобан, “Миллий банк” вилоят филиали масъули фуқарога уч кун ичида кредит ажратилишини маълум қилди.

Самарқандлик М.Маҳмудовнинг шаҳардаги Сартепа масканидан тадбиркорлик фаолияти учун ер сўраб қилган мурожаати бўйича давлат активларни бошқариш бошқармасига ушбу фуқарога аукцион орқали ер олишда кўмаклашиш вазифаси топширилди.

Каттақўрғон шаҳридан келган тадбиркор А.Облоқулов фаолиятини кенгайтириш учун 200 миллион сўм кредит зарурлигини билдирди. Бу масала билан шуғулланиш ва тадбиркор мурожаатини ижобий ҳал этиш юзасидан Марказий банк вилоят бош бошқармаси бошлиғига топшириқ берилди.

Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаролардан бири Регистон майдони яқинидан тадбиркорлик учун жой ололмаётганини айтиб, вилоят ҳокимидан ёрдам сўради.

– Самарқанд шаҳрида бундан буён туризм объектларидан бошқа қурилишга рухсат берилмайди – деди Э.Турдимов ушбу фуқаро мурожаатига жавобан. – Айниқса, шаҳарнинг тарихий обидалар, маданий мерос объектлари жойлашган қисми ва уларнинг атрофида қурилишларга йўл қўйилмайди. Шу пайтгача ноқонуний қурилган объектлар ҳам тегишли тартида бузилади. Биз Самарқандни туризм шаҳри сифатида кўпроқ сайёҳларни қабул қилиш ва уларга қулайлик яратиш учун ҳаракат қиламиз. Меҳмонхоналар қурамиз, лекин уй-жой ва бошқа объектлар шаҳардан четда қурилади.

Учрашувда 500 дан ортиқ тадбиркор иштирок этди ва улар ўртага ташлаган масалалар масъуллар билан муҳокама этилиб, мурожаатлар ижроси бўйича аниқ муддатлар белгиланди.