Самарқанд вилояти ташқи савдо айланмасида энг фаол давлатлар маълум қилинди

2020 йил январь-июль ойлари якуни билан вилоятнинг ташқи савдо айланмаси 786,3 миллион АҚШ долларини ташкил этди.

Вилоят статистика бошқармаси маълумотларига кўра, кейинги йилларда экспорт таркибида сезиларли ўзгаришлар кузатилган. Хусусан, Тожикистон, Туркманистон ва Қирғиз Республикалари билан ташқи савдо айланмасида савдо ҳажми кескин ортган. Бунда ҳукумат томонидан саноат тузилмасини диверсификация қилиш, экспортни қўллаб-қувватлаш, импорт ўрнини босувчи товар ва маҳсулотларни ишлаб чиқаришни янада ошириш билан бир қаторда қўшни давлатлар билан алоқаларнинг мустаҳкамланишининг ҳам роли катта.

Бошқа давлатлар билан эса ташқи савдо айланмасида энг юқори улуш Хитой, Россия, Туркия ва Япония давлатлари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Ташқи иқтисодий фаолият бўйича 30 та йирик ҳамкор давлатлар орасидан ўнта давлатда фаол ташқи савдо баланси кузатилган. Хусусан, Словения (19 миллион доллар), Тожикистон (17,9 миллион доллар), Литва (15,8 миллион доллар), Венгрия (14,4 миллион доллар), Қирғиз Республикаси (12,5 миллион  доллар) шулар жумласидан.

Қолган 20 та йирик ҳамкор давлатлар билан пассив ташқи савдо баланси сақланиб қолмоқда.

2020 йил январь-июль ойларида вилоят ташқи савдо айланмасида МДҲ давлатларининг улуши 35,3 фоизни ташкил этиб, ташқи савдо айланмасидаги улуши 2018 йилга нисбатан 3,5 фоизга ошган.

Жорий йилнинг январь-июль ойларида вилоят экспортёрлари сони 431 тани ташкил этиб, улар томонидан 151,5 миллион АҚШ доллари (қимматбаҳо металлар экспортидан ташқари) қийматига эга товар ва хизматлар экспорт қилинган.

Экспорт таркибида товарлар улуши 95,3 фоизни ташкил этиб, улар асосан озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар, материал турига қараб классификацияланган саноат маҳсулотлари, машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Кейинги уч йил ичида МДҲ мамлакатларига экспорт ҳажми ошди ва уларнинг жами экспортдаги улуши 2018 йил январь-июлдаги 52,9 фоиздан 2020 йил январь-июлида 60,8 фоизга етди. Мос равишда бошқа мамлакатларнинг жами экспортдаги улуши 39,2 фоизни ташкил этди. 

Вилоят экспортида асосий ҳамкор давлатларнинг улуши қуйидаги диаграммада акс эттирилган:

Импорт қилинган маҳсулотлар орасида эса энг катта улуш машиналар ва транспорт асбоб-ускуналарига тегишли. Уларнинг ҳажми 34,9 фоизни, асосан материал турига қараб классификацияланган саноат товарлари 19,3 фоизни ҳамда кимёвий воситалар 27,4 фоизни ташкил қилган.

2020 йил январь-июль ойларида Самарқанд вилояти 72 давлат билан товарлар ва хизматлар импортини амалга оширган.

Импортда вилоятнинг асосий ҳамкорлари Хитой, Россия Федерацияси, Туркия, Қозоғистон, Япония, Словения ва Германия давлатлари бўлиб, уларнинг жами импортдаги улуши 70,4 фоизни ташкил қилмоқда.

Вилоят импортида асосий ҳамкор давлатларнинг улуши қуйидаги диаграммада акс эттирилган:

Гарчи, кейинги уч йилда ташқи савдо айланмаси умумий кўрсаткичлари ошган бўлса-да, глобал пандемия сабабли экспорт-импорт кўрсаткичларининг 2020 йил январь-июль ойларида камайгани кузатиш мумкин.

Бу даврда ташқи савдо айланмаси 786,3 миллион АҚШ долларни ташкил этиб, 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 199,3 миллион АҚШ долларига ёки 20,2 фоизга камайгани кузатилмоқда.

Ташқи савдо айланмасида экспорт ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 172,4 миллион АҚШ долларига ёки 16,3 фоизга, импорт ҳажми эса мос равишда 613,9 миллион АҚШ долларига ёки 21,3 фоизга камайган. Ҳисобот даврида 441,4 миллион АҚШ доллари қийматидаги пассив ташқи савдо баланси қайд этилган.