Ташқи савдо иштирокчиларига имтиёзлар берилади 

Президент қабул қилган “Ташқи савдо фаолияти иштирокчиларини қўллаб- қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига кўра, 2022 йил 1 апрелдан бошлаб ташқи савдо иштирокчилари бўлган тадбиркорлик субъектларига имтиёзлар жорий этилди.

Унга кўра, 2023 йил 1 апрелга қадар:

- маҳаллий корхоналар (уларнинг ваколатли вакиллари)га Европа Иттифоқи давлатларига юқори қўшилган қийматли маҳсулотларни экспорт қилишда ташиш харажатларини 70 фоизгача миқдорда компенсация қилишга субсидиялар тақдим этилади;

- қўшни давлатларга экспорт қилинган юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотларни экспорт қилишда ташиш харажатларини 50 фоизгача миқдорда компенсация қилишга субсидиялар тақдим этилади;

- мувофиқликни баҳолаш органларини халқаро ILAC/IAF ташкилотлари аъзо­си ҳисобланган аккредитация идораси томонидан аккредитациядан ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қоплаб берилади;

- тадбиркорлик субъектлари томонидан товарлар (махсус турдаги товарлардан ташқари), ишлар ва хизматлар экспортини шартнома тузмасдан ҳисобварақ-фактуралар (инвойслар) асосида амалга оширишда талаб этиладиган олдиндан тўлов миқдори 100 фоиздан 50 фоизга камайтирилади.

“Божхона омбори” режимида олти ойдан кўп бўлган товарларнинг божхона расмийлаштирувида божхона тўловлари бўйича имтиёзларни қўллашни тақиқловчи тартиб бекор қилинди.

Инновацион технологияларга асосланган экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш фаолиятини рағбатлантириш мақсадида ҳукумат комиссиясининг қарорига асосан Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан уларга 500 минг АҚШ долларигача кредитлар ажратилади.

2023 йил 1 январга қадар ҳукумат комиссияси хулосаси асосида Ўзбекис­тон Республикаси ташқи савдо операцияларини тартибга солишнинг вақтинчалик механизмлари жорий қилинади.