Самарқанд вилоятида 2-сектор раҳбарлари томонидан 1000 дан зиёд сайёр қабуллар ташкил этилган
Аҳоли билан бевосита ва очиқ мулоқотни таъминлаш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни жойида бартараф этиш юзасидан тезкор чоралар кўриш мақсадида 2019 йил давомида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси раҳбарияти томонидан Самарқандда вилоятида 10 марта сайёр қабул ташкил этилган.
Ўтказилган сайёр қабуллар жараёнида 1800 га яқин фуқаролар билан суҳбат ўтказилиб, уларнинг 756 нафарига ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар берилган ҳамда 1044 та мурожаатлар қабул қилинган.
Келиб тушган мурожаатларнинг 313 таси қаноатлантирилган, 620 таси бўйича тушунтиришлар берилган, 4 таси рад этилиб, 107 та мурожаат Бош прокуратура томонидан кўриб чиқилиши учун олиб кетилган.
Сайёр қабуллар жараёнида 136 нафар фуқаро ишга жойлаштирилиб, 31 нафар фуқарога ногиронлик аравачалари, 23 нафарига қўлтиқ таёқ, 16 нафарига эшитиш мосламалари, 9 нафарига даволанишлари учун имтиёзли ордерлар ва яна 17 нафар фуқароларга бошқа амалий ёрдамлар кўрсатилган.
Каттақўрғон шаҳрида яшовчи фуқаро Ж.Артиқов 2019 йил 19 декабр куни Бош прокурор Н.Йўлдошевнинг сайёр қабулида “Ёшлар келажагимиз” давлат дастури доирасида 1,380 миллиард сўм кредит ажратилишида амалий ёрдам беришни сўраган. Ушбу мурожаат Каттақўрғон шаҳар прокуратураси аралашуви билан қаноатлантирилиб, кредит ажратилиши таъминланган.
Бош прокурорнинг қабулида шунингдек, Ургут туманида яшовчи З.Суюнов ҳудуд аҳолисини ичимлик суви, узлуксиз электр энергияси билан таъминлаб беришни ҳамда асосий йўлга асфальт ётқизиб беришда амалий ёрдам сўраган.
Мазкур мурожаатга асосан Ургут тумани прокуратурасининг аралашуви билан Нисбот қишлоғида янги 10 дона бетонли электр симёғочлар ўрнатилиб, 500 метр симлар тортилган. Шунингдек, 2 та замонавий тоза ичимлик суви етказиб бериш артезиан қудуғи қуриб, фойдаланишга топширилган. Натижада 200 та хонадон ичимлик суви билан таъминланган. Ҳудудда 1.8 километр йўлга асфальт ётқизилган.
Шунингдек, Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаро Ш.Джалолов Бош прокурор Н.Йўлдошевнинг сайёр қабулига мурожаат қилган. У фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди кассация инстанцияси 2019 йил 28 ноябрда чиқарган ажрими билан ўзгаришсиз қолдирилган Самарқанд шаҳар судини 2019 йил 23 январдаги қарори билан даъвогар шаҳар ҳокимининг З.Ахмеджанова (муаллифнинг онаси) манфаатида жавобгар “ТЕМП” хусусий корхонасига нисбатан бой берилган фойда, ижара тўловлари, етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш ҳақидаги даъво аризаси қисман қаноатлантирилиб, жавобгар ҳисобидан З.Ахмеджанованинг фойдасига 2018 йилнинг ноябрь, декабрь ва 2019 йилнинг январь ойлари учун 4.8 миллион сўм ижара пули ундириш белгиланганлигидан норози эканлигини баён қилган.
Мазкур суд қарорлари назорат тартибида ўрганилиб, бой берилган фойда, ижара тўловлари, етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш, суд қарорини бекор қилиш ҳақида Бош прокуратурага тақдимнома киритилган.
Умуман, таҳлилларга кўра қабул қилинган мурожаатларнинг 185 таси суд қарорлари бўйича (фуқаролик – 104, ЖИБ - 52, маъмурий – 22, иқтисодий – 7 та), 153 таси суриштирув ва тергов масалалари юзасидан 580 таси ижтимоий-иқтисодий, 70 таси суд қарорлари ва бошқа органлари қарорлари ижроси бўйича, 20 таси қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ва 36 таси бошқа масалаларга оид мурожаатларни ташкил этган.
Вилоятда 2-сектор раҳбарлари томонидан 1007 та сайёр қабуллар ташкил этилган. Уларда 11748 нафар фуқаролар қабул қилинган. Қабуллар жараёнида 7471 та мурожаатлар келиб тушган. Улардан 5710 таси бевосита ҳал этилиб, 2432 та мурожаатлар қаноатлантирилган, 3287 та мурожаатлар бўйича тушунтиришлар берилган ва 15 та мурожаатлар рад этилган.
Қабул жараёнларида жойида ҳал этилган оғзаки мурожаатлар сони 4277 тани ташкил этган.
Улуғбек ХАМДАМОВ,
Самарқанд вилояти прокурорининг ўринбосари.