Самарқанд вилоятида 25 январдан 5 февралга қадар оилаларни мустаҳкамлаш ўн кунлиги бўлиб ўтмоқда

“Фаровон оила - жамият ривожининг асоси” шиори остида ўтказилаётган декадада оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш бўйича қатор тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Паст Дарғом туманида ўтказилган тадбирда "Оила" илмий-амалий маркази Самарқанд вилояти бўлими вакиллари, фаоллар, хотин-қизлар билан ишлайдиган мутахассислар иштирок этди.

 - Оилалардаги ажримларнинг олдини олишда эндиликда шунчаки тадбирлар эмас, балки аниқ йўналтирилган суҳбатларга кўпроқ урғу қаратаяпмиз, - дейди "Оила" илмий-амалий маркази Самарқанд вилояти бўлими раҳбари Зебунисо Шодиева. - Ўрганишларимизга кўра, ажралишларнинг 70 фоизи ёш оилаларда юз бермоқда. Бунинг асосий сабаби эса уларнинг оилага тайёр эмаслигида.

Тадбир иштирокчиси - СамДУ психология факультети ўқитувчиси, психолог Абира Баҳромова оилалардаги ажралишларнинг психологик жиҳатларига урғу бериб, “Оилага тайёрмисиз?”, деган саволга аксар ёшларнинг жавоби йўқлиги муаммонинг асл сабаби эканлигини таъкидлади.