Учинчи шахс аралашмаганда эди… Ёки муаммоли оилаларда олиб борилган ўрганишлар ҳисоботи
Вилоятдаги 900 мингга яқин оилаларнинг 236 мингтаси намунали саналади. Бу камми ё кўп? Марказ томонидан 4,5 мингга яқин ажрим ёқасида турган оилаларнинг бу ҳолга келиб қолиш сабаблари ўрганилиб, таҳлил қилинди. «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бошқармаси қошида вилоят прокуратураси ҳамкорлигида ташкил этилган «Ишонч-мадад» марказига шу пайтга қадар 60 га яқин мурожаат тушган бўлиб, уларнинг 30 фоизи ижобий ҳал этилган, қолганлари тегишли ташкилотларга йўналтирилган.
Бу маълумотлар «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бошқармаси томонидан, марказнинг янги биносида ўтказилган брифингда қайд этилди. Тадбирда ўтган йил давомида амалга оширилган ишлар, тадқиқот натижалари, жорий йилги режалар хусусида сўз борди. Унда марказ билан ҳамкорликда фаолият олиб бораётган ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
- Оилавий ажралишларнинг олдини олиш мақсадида бир неча босқичли сўровномалар олиб борилди, - дейди «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бошқармаси бошлиғи Зебинисо Шодиева. – Ажралиш арафасидаги ҳамда суд орқали ажрашиб кетган оилаларнинг бунга етакловчи омиллари чуқур ўрганилди. Хусусан, 762 та ажрим ёқасида турган оилалардаги муаммолар таҳлили қуйидаги хулосаларни берди. Яъни алоҳида яшаш имконияти мавжуд бўлганда 188 та оилани, иш билан таъминланганда 154 та, оилавий муносабатларга учинчи шахслар аралашувининг олди олинса 182 та, турмуш ўртоғи ичкиликдан воз кечса 109 та, оиланинг иқтисодий аҳволи яхшиланса 156 та, маҳалла фаолларининг ёрдами билан 61 та оилани асраб қолиш мумкин бўларди. Ўрганишларимиз натижалари тегишли идораларга берилиб, бунинг асосида иш олиб борилиши белгиланди. Ҳамкор ташкилотлар билан олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида 564 та оила яраштирилди.
Анжуманда ҳамкор ташкилотларга марказнинг фахрий ёрлиқлари топширилди.
Гулруҳ МЎМИНОВА.