Самарқанд вилоятида 6 ой мобайнида давлат рақам белгисини ўзбошимчалик билан ечиб олган 124 нафар ҳайдовчилар аниқланди
Ҳозирги кунда Самарқанд вилояти ҳудудидан ўтган ҳалқаро, давлат аҳамиятидаги йўлларда содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисалари таҳлилидан келиб чиққан ҳолда “авария ўчоғи” сифатида танлаб олинган манзилларда йўл-ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, содир бўлиши мумкин бўлган йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш мақсадида “Тезлик”, “Қувиб ўтиш” ва бошқа профилактик турдаги мақсадли тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.
Ушбу тадбирлар натижасида йўл-транспорт ҳодисаларининг
2019 йилнинг 6 ойида 27,5 фоизга, уларда ҳалок бўлганлар 4,4 фоизга, жароҳатланганлар сони эса 29,7 фоизга болалар иштирокида содир бўлган йўл транспорт ҳодисалари 21,4 фоизга камайишига эришилди. Бу ҳақда Zarnews.uz сайтига Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Лекин, шундай фуқароларимиз борки давлатимиз қонунларига нисбатан ҳурматсизлик қилиб, белгиланган қоидаларга амал қилмасдан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида йўлларга ўрнатилган тезлик ўлчаш асбоблари таъсирига тушмаслик мақсадида ўзларига тегишли бўлган транспорт воситаларини бошқаришда ўзбошимчалик билан давлат рақам белгиларини ечиб олишлари ёки бошқа транспорт воситаларига тегишли бўлган давлат рақам белгиларини таққан ҳолда ёхуд давлат рақам белгисига турли хил кўринишдаги тўсувчи воситаларни ўрнатган ҳолда ҳаракатланишлари кузатилмоқда.
Ушбу ҳолатлар ДЙҲХХ ходимларининг назаридан қолгани йўқ албатта.
Вилоят ҳудудидан ўтувчи ҳалқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларига ўрнатилган онлайн тизимида ишловчи 19 та тезликни ўлчаш ускуналари ёрдамида 60 мингдан ортиқ қоидабузарликлар аниқланиб, шундан 9 миллиард 751 миллион сўм жарималар ундирилган.
Самарқанд вилояти ҳудудида 2019 йилнинг ўтган 6 ой мобайнида давлат рақам белгисини ўзбошимчалик билан ечиб олган 124 нафар ҳайдовчилар аниқланган ва ДЙҲХХ инспекторлари томонидан уларга нисбатан қонуний чоралар кўрилган.
Бундан ташқари давлат рақам белгисини ўзгартирган ёки бошқа транспорт воситаларига тегишли бўлган давлат рақамини тақиб олиб ҳаракатланган 14 нафар ҳайдовчиларга нисбатан қонуний чоралар кўрилиши ташкиллаштирилган.
Мисол учун, 2019 йил 13 июль куни соат тахминан 14:45 ларда вилоят ҳудудидан ўтувчи М-37 автомобиль йўлининг 14 км.да “Бухоро-Самарқанд” йўналиши бўйлаб давлат рақам белгисисиз юқори тезликда ҳаракатланиб келаётган “Каптива” русумли кул рангли транспорт воситаси ҳайдовчиси йўл-патруль хизмати инспекторининг тўхташ тўғрисида берган ишорасига қарамасдан ҳаракатланиб кетганлиги сабабли кўрилган чоралар натижасида транспорт воситаси тўхтатилган ва олиб борилган суриштирув жараёнида ҳайдовчи Тойлоқ тумани “Сочаки поён” маҳалласида истиқомат қилувчи, 1987 йилда туғилган фуқаро Д.Д. эканлиги ва ушбу ҳайдовчи тезликни ўлчаш асбоби таъсирига тушмаслик мақсадида давлат рақам белгисини ўзбошимчалик билан ечиб олиб ҳаракатланганлиги аниқланиб, тегишли тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилиб, транспорт воситаси вақтинчалик сақлаш жарима майдончасига жойлаштирилган.