Самарқанд вилоятида наркотик моддаларни ноқонуний айланишига чек қўйилди

Гиёҳвандлик воситалари савдосига қарши курашиш йўналишида Давлат хавфсизлик хизматининг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан бир нечта тезкор тадбирлар ўтказилди.

Хусусан, вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда амалга оширилган фаол тадбирда Ургут туманида истиқомат қилувчи, 1992 йилда туғилган фуқаронинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилди. Натижада, ҳовлидаги дарахт тагига Тожикистон Республикасидан келтирилган 960 г “опий” моддаси кўмиб қўйилганлиги маълум бўлди ва ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.

Ички ишлар ва Божхона органлари ходимлари билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида эса Пастдарғом туманида истиқомат қилувчи, 1971 йилда туғилган фуқаронинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилди.
Натижада хонадондаги мавжуд оғилхонада 25 кг 520 г “мариҳуана” гиёҳвандлик ўсимлиги сақланаётганлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинди.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат бўйича мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 25,273-моддаси 5-қисми (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш...) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.
Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.