Дунёдаги мавжуд ўлим кўрсаткичларининг 23 фоиздан ортиғи наркотиклар суиистеъмоли билан боғлиқ

Гиёҳвандлик аянчли иллатгина эмас, глобал офат ҳамдир. Чунки бугун айни шу хатар инсоният саломатлиги, тақдири ва ҳатто келажагига раҳна солиб турибди.

БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликни назорат қилиш бошқармаси маълумотларига кўра, ҳозирги кунда дунё аҳолисининг 31 миллиондан ортиғи гиёҳванд моддалар суиистеъмоли туфайли жиддий касалликлардан азият чекади ва уларнинг аксарияти ёшлардир. Ачинарлиси, ер юзидаги барча ўлимлар кўрсаткичининг 23 фоизидан ортиғи наркотиклар суиистеъмоли билан боғлиқ.

Яна бир ўта оғриқли жиҳат: ушбу ўлимлар миқдорининг қарийб 5 фоизини 15-29 ёш оралиғидаги йигит-қизлар ташкил этмоқда. Мазкур кўрсаткичлар йилдан-йилга яшариб бораётгани эса бутун дунё аҳлини жиддий ташвишга солмоқда. Қолаверса, ёшлар орасида психостимуляторлар, янги синтетик гиёҳванд моддалар истеъмоли оммалашяпти.

Афсуски, бу борада Ўзбекистонда ҳам вазият яхши, деб бўлмайди. Жорий йилнинг 9 ойи якунларига кўра, 5 мингга яқин юртдошимиз гиёҳвандликка қарам кишилар ҳисобида турибди. Уларнинг 31 фоизини 20-40 ёшдагилар ташкил этади. Бундан ташқари, мазкур дардга мубтало бўлганларнинг 1,8 фоизида ОИВ инфекцияси аниқланган.