Самарқанд вилоятида нега раҳбарлар алмашинуви тез-тез содир бўлаётир?

Диққат ЎзАда янги лойиҳа! “БИР САВОЛГА БИР ЖАВОБ”

 “Бир саволга бир жавоб“ лойиҳасида мамлакатимиз вазирлик ва идоралари раҳбарлари, вилоят ҳокимларининг ЎзА саволига жавоблари бериб борилади.

Ушбу лойиҳанинг биринчи меҳмони:

 Эркинжон Турдимов

Самарқанд вилояти ҳокими  

вазифасини бажарувчи

— Самарқанд вилоятида ҳам кейинги йилларда раҳбарлар алмашинуви тез-тез содир бўлаётир. Бу ҳолатни қандай изоҳлайсиз?

 — Барчамизга маълумки, ислоҳот – бу янгиланиш, ўзгариш дегани. Ислоҳотлар ижобий натижа бериши учун, аввало раҳбарларимиз ўзгариши керак.

Бу мақсадга эришиш учун биринчи навбатда, барча даражадаги раҳбарлар ўз фаолиятини танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик асосида ташкил этишларини бугун ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 28 декабрь куни Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида ҳам, халқ билан узлуксиз мулоқот ва инсон манфаатлари учун хизмат қилиш, барча даражадаги раҳбарлар учун нафақат мажбурият, балки ҳаётий тамойилга айланиши шартлиги таъкидлаб ўтилди.

Раҳбар, ўзининг одоб-ахлоқи ва маданияти билан ҳаммага ўрнак бўлиши, қонун ва адолат устуворлигига сўзсиз риоя қилиши, масъулиятни чуқур ҳис этиши, шахсий жавобгарликни ошириши, тегишли билим, тажриба ва малакага эга бўлиши, энг муҳими коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга йўл қўймасдан ўз атрофига соғлом фикрловчи, изланувчан, тадбиркор ва ишбилармон кишиларни жалб этган ҳолда халқ билан ўзаро ҳамкорликда иш юритиши лозим.

Бугун, ана шу талабларга жавоб бермайдиган раҳбарлардан биз истаймизми ёки йўқ воз кечиш даври келди. Эътиборлиси, кўп ҳолларда бугунги кун талабига жавоб бермайдиган айрим раҳбарларимиз зиммаларига юклатилган вазифаларни бажара олмаслигини англаб етган ҳолда ўз ташаббуслари билан вазифаларидан озод этишни сўраб мурожаат этишмоқда.

Бу эса, вилоятнинг барча даражадаги раҳбарларидан ҳудудларни комплекс ривожлантириш, аҳоли ҳаёти даражаси ва сифатини ошириш борасида шахсий масъулиятни оширишни, ижро интизомини янада мустаҳкамлаш зарурлигини ва “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак“ деган ғояни фаолиятимизнинг асосий мезонига айлантирган ҳолда, биринчи раҳбарлар фақат кабинетда ўтирмасдан, жойларга бориб, аҳолини безовта қилаётган энг долзарб муаммоларнинг амалий ечими билан шуғулланишини тақозо этади.

Иқтисодиётимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини юксалтиришда раҳбарлар олдига улкан вазифалар қўйилаётган бир пайтда, шубҳасиз ўз вазифасини талаб даражасида бажара олмаётган шахслар бошқа ишга ўтказилиши давом этади ва албатта бу табиий ҳол ҳисобланади.

ЎзА.