Самарқанд вилоятидаги табиий газ тармоғи етиб борган 62 минг хонадоннинг 59 мингтасида иссиқлик тизими йўқ

Аввал хабар қилганимиздек, вилоят Матбуот уйида қиш мавсумида аҳолини табиий газ ва электр энергияси билан таъминлаш масалаларига доир анжуман ўтказилди.

Унда журналистларнинг «Нега табиий газ аксарият аҳоли пунктларига етиб бормаяпти? Аксинча газ сарфи меъёридан ошиб бормоқда. Бунга сабаб нима?», деган саволига “Ҳудудгаз Самарқанд” МЧЖ директори Холмурод Бобомуродов шундай жавоб берди:

- Самарқанд вилоятида 62 минг хонадон бор. Унинг бор-йўғи 3 мингтаси иссиқлик таъминоти билан таъминланган. Яъни, уларга қозонхоналар ўрнатилган. Аммо 59 мингтасида иссиқлик тизими умуман йўқ. Шунинг учун улар овқат пишириш ва чой қайнатишга мўлжалланган плиталардан хонадонларини иситишда фойдаланишга мажбур бўляпти. Оқибатда бир кунда сарфланиши зарур бўлган меъёрдан бир неча баробар кўп табиий газ истеъмол қилинмоқда. Масалан, битта плита учун ўртача 55 метр/куб, бир одамга 11 метр/куб табиий газ сарфлаш белгиланган. Аммо бу кўрсаткич қиш ойларида камида тўрт баробарга ортмоқда.