Самарқандда 16 та марказий АТСлар монтаж қилинмоқда. Тармоқнинг ўтказувчанлиги камида 30 Гбит/с тезликкача оширилади
Бугун жаҳон ҳамжамияти учун жиддий муаммога айланган коронавирус (COVID-19) пандемиясига қарши мамлакатимизда қатъий чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Шу жумладан, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси, вазирлик тизимидаги алоқа соҳаси корхона ва ташкилотларининг вилоят бўлинмалари томонидан йил давомида режалаштирилган ишлар жадаллик билан амалга оширилмоқда.
Жумладан, Япония Халқаро тараққиёт банки (JBIC) томонидан магистрал тармоқларни кенгайтириш бўйича Самарқанд вилоятининг (туманлар ва Гўзалкент, Улуғбек қўрғонлари) 16 та марказий АТСларида ҳамда Каттақўрғон ва Самарқанд шаҳарларидаги янги DW7000 қурилмаларини монтаж қилиш ишлари давом этмоқда.
Қурилмалар ишга туширилгандан кейин туманларгача магистрал тармоқнинг ўтказувчанлиги камида 30 Гбит/с тезликкача оширилади. Йил давомида ўрнатилиши режалаштирилган 101 та MSAN кичик станцияларнинг 12 таси ишга туширилди, 10 тасида абонентларни ўтказиш ишлари давом этмоқда. 29 та янги мобил алоқа таянч база станциялари ўрнатилиб, мазкур ҳудудлар сифатли мобил алоқа ва мобил Интернет қамрови билан таъминланди.
Ундан ташқари, соҳа корхоналари томонидан абонентларга хизмат кўрсатиш бўйича ҳам ишлар тўхтаб қолгани йўқ. Келиб тушаётган ариза ва мурожаатлар мутахассис ходимлар томонидан ўз муддатида кўриб чиқилиши ва носозликлар бартараф этилиши таъминланмоқда. Жумладан, Uzmobile мобил алоқа компанияси томонидан хизматга уланиш компаниянинг расмий веб-сайти орқали онлайн кўринишда амалга оширилиши ташкил этилди.
Шунингдек, Самарқанд вилоятида янги қурилган 2055 хонадондан иборат 40 та кўп қаватли уйларда паст токли кабель шахталари ташкил этилди ва ички телекоммуникация инфратузилмаси билан таъминланди.
Ушбу амалга оширилган ишлар учун маҳаллий бюджет ва буюртмачи корхоналар томонидан 1 миллиард 895 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланди.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси.