Самарқандда 2018 йилда итларнинг хуружи оқибатида 4 мингдан ортиқ фуқаро турли даражадаги жароҳат олган
Вилоятимизда қутуриш касаллигига қарши курашиш, аҳоли яшаш жойларида ит, мушук ва бошқа ҳайвонларни сақлаш қоидаларига амал қилиниши бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётганига қарамай аҳоли пунктларида дайди, назоратсиз итларнинг одамлар ва ҳайвонларга ҳужум қилиш ва шикаст етказиш ҳоллари учраяпти. Ўтган йили итларнинг хуружи оқибатида 4 мингдан ортиқ фуқаро турли даражадаги жароҳатлар билан антирабик тиббий ёрдамга мурожаат қилган. Жорий йилнинг 25 январидан 25 февралига қадар вилоятимизда ҳам "Ҳайвонларнинг қутуриш касаллигига қарши кураш ойлиги" ўтказилмоқда.
Бошқарманинг шаҳар ва туман бўлимлари томонидан ойлик доирасида қутуриш касаллигига қарши кураш самарадорлигини ошириш, аҳоли хонадонларида ит, мушук ва бошқа уй ҳайвонларини рўйхат ва қайта рўйхатдан ўтказиш, қутуриш касаллигига қарши эмлаш, гувоҳнома бериш каби тадбирлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, жойлардаги ободонлаштириш бўлимлари хизматчилари томонидан дайди, қаровсиз жониворларни тутиш, йўқ қилиш бўйича ишлар бажарилмоқда.
Бугунги кунгача вилоятда мавжуд 434 та ветеринария шохобчаларида фаолият олиб бораётган ветеринар мутахассислар томонидан рўйхатга олинган 298 мингдан зиёд ит ва мушукнинг 90 мингга яқини хавфли касалликка қарши эмланди. Барча шохобчаларга кераклича эмлаш вакциналари етказиб берилган. Мутахассисларимиз фуқароларни ит ва мушуклар сақлаш тартиб-қоидалари билан таништириш баробарида хавфли касаллик тўғрисида огоҳлантириш варақалари тарқатмоқда. Шунингдек, ҳудудлардаги корхона ва ташкилотлар, таълим муассасаларида қутуриш касаллиги ва унинг оқибатлари ҳақида тарғибот ишларини олиб бормоқда.
Қутуриш касаллиги хавфли вирусли хасталиклардан бири бўлиб, асаб тизимини оғир жароҳатлайди. Сут эмизувчи ҳайвонлар каби инсонлар ҳам касалланиши мумкин. Унинг вируси ташқи муҳитга ўта чидамли бўлиб асосан бош ва орқа мия ҳужайраларида ва сўлакда бўлади.
Замонавий тиббиёт ривожланганига қарамасдан, ҳануз қутуришга қарши даво топилгани йўқ. Аммо, касалликнинг олдини олиш мумкин.
Элмурод ТОШМУРОДОВ,
вилоят ветеринария бошқармаси бошлиғи.