Самарқандда 26 нафар меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари уйли бўлди

  Мамлакатимизда аҳолининг уй-жойга муҳтож қатламини давлат томонидан ва имтиёзли шартларда турар-жой билан таъминлаш масаласига кейинги йилларда алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шаҳар ва қишлоқларда аҳолининг эҳтиёманд қатлами учун арзон уй-жойлар қурилаётгани, имтиёзли кредит, шунингдек, субсидия асосида берилаётгани, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар учун уйларнинг бошланғич бадали тўланган ҳолда ажратилаётгани ана шу эътибор самарасидир.

  Шунингдек, Меҳрибонлик уйларида тарбияланган ва мустақил ҳаётга қадам қўйган чин етимлар ҳам давлат томонидан уй-жой билан таъминланиб, жамиятда ўз ўрнини топиши учун шарт-шароит яратилмоқда.

  Бугун вилоятимизнинг туман ва шаҳарларида ана шундай ёшларнинг 26 нафарига янги уй-жойлар жиҳозланган ҳолда тантанали топширилди.

  Жумладан, Меҳрибонлик уйларида тарбияланган 10 нафар йигит-қизлар Жомбой туманидаги кўп қаватли уйда ўз хонадонига эга бўлди. Янги уйларни ўз эгаларига топшириш маросимида вилоят ҳокими Э.Турдимов иштирок этиб, ёшларни табриклади. Улар доимо давлатимизнинг эътиборида эканлигини таъкидлади.

  – Бу йил вилоятимиз бўйича 59 нафар чин етимларни уй-жой билан таъминлаш кўзда тутилган эди, – деди Э.Турдимов. – Аммо, кейинги ўрганишларда вилоятимизда бундай ёшлар 84 нафар эканлиги маълум бўлди ва бугун уларнинг 26 нафарига вилоят ҳокимлиги ва саховатпеша тадбикорларимиз томонидан 6 миллиард сўм маблағ сарфланиб, янги уйларни топширяпмиз. Шу йилнинг 1 октябрига қадар қолган 58 нафар йигит-қизлар ҳам ўз уйига эга бўлади.

  Вилоят ҳокими ва жамоатчилик вакиллари янги уйларнинг биринчи меҳмонлари бўлди. Хонадон эгаларига эзгу тилаклар билдирилди.

  Ўғилой Тоғаева Тошкент шаҳридаги меҳрибонлик уйида тарбияланган. Мактабни битирганидан кейин Самарқанд давлат тиббиёт институтига ўқишга кирди. Айни пайтда институтни битираётган Ўғилой Жиззах вилоятининг Бахмал туманида умумий амалиёт шифокори сифатида ҳам ишламоқда.

  – Бугун менинг бир умрлик орзуларимдан яна бири ушалди – дейди Ўғилой Тоғаева. – Жомбой туманида ўз уйимга эга бўлди. Энди мутасаддилар ишимни ҳам шу ерга кўчириб беришларини айтишди. Бор билим ва салоҳиятимни ишга солиб, халқимиз саломатлигини асраш учун хизмат қиламан.

  Самарқанд шаҳридаги 11-Меҳрибонлик уйини битирган Фирдавс Муродов айни пайта Меҳнат маҳалла фуқаролар йиғини раисининг ўринбосари вазифасида ишласа-да 9 йилдан буён ижара уйда яшарди. Бугун унга шаҳарнинг Геофизиклар маҳалласида янги қурилган уйлардан хонадон топширилди.

  – Жудаям бахтиёрман, қувончим ичимга сиғмаяпти – дейди Фирдавс Муродов. – Ўз уйинг бўлиши қандай бахт. Бугун менга вилоят ҳокимлиги ана шундай бахтнинг туҳфа қилди. Бунга жавобан албатта Ватанимга муносиб фарзанд бўлиб, унинг тараққиётига ҳисса қўшаман.

  Маълумотларга кўра, 2020 йилда Самарқанд вилоятида Меҳрибонлик уйларида тарбияланган ёшларнинг 20 нафарига янги қурилаётган кўп қаватли уйлардан хонадонлар ажратилиб, жами 2 миллиард сўм бошланғич тўлови тўлаб берилган. Шунингдек, йигит-қизларнинг бандлиги таъминланган. Яна 12 нафар ёшлар эса ҳокимлик томонидан 1 ва 2 хонали уйлар билан таъминланган.

  Кўриниб турибдики, жорий йилда ушбу хайрли ишларнинг кўлами ва қамрови анча кенгайган. 84 нафар чин етимлардан ташқари, Меҳрибонлик уйида тарбияланган, аммо ўз уй-жойига эга ёшларнинг хонадонлари ҳокимлик ва ҳомийлар кўмагида таъмирлаб берилмоқда.