Самарқандда 268 нафар иқтидорли ўқувчи мактабни битирмасданоқ дунёнинг нуфузли ОТМлари талабаси бўлди

2020-2021 ўқув йили якунига кўра, Самарқандда ўрта таълим мактабни битирган 50 589 нафар йигит-қизнинг 23,6 фоизи олий ўқув юртига ўқишга кирди. 268 нафар иқтидорли ўқувчи эса ҳали мактабни битирмасданоқ дунёдаги нуфузи олий ўқув юртларига талабаликка қабул қилинди. Шулардан бири Самарқанд шаҳридаги 50-умумий ўрта таълим мактаби битирувчиси Назира Давронийдир (суратда - ўнгдан биринчи). У ҳозирда АҚШнинг Колумбия университетида таҳсил олмоқда.
Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги 35-мактаб битирувчиси Фарзона Ибрагимова бир вақтнинг ўзида 11 та олий таълим муассасаларига, 17-мактаб битирувчиси Умид Усмонов АҚШнинг Йель университетига, 24-мактаб битирувчиси Парвиз Субҳонқулов Хитойнинг Дуке Куншан университетига, 50-мактаб битирувчиси Талал Мусаев Англиянинг Оксфорд университетига, 51-мактаб битирувчиси Шаҳинабону Жангирова АҚШнинг Йель университетига ўқишга қабул қилинди.