Самарқандда 44 та давлат-хусусий шериклик асосидаги МТМга 1 фоизлик имтиёзли кредит ажратилмаган
Бугунги кунда вилоятда жами 1444 та мактабгача таълим муассасалари мавжуд. Мулкчилик шаклига кўра, 637 та боғча давлат муассасаси ҳисобланади. Шунингдек, айни пайтда 51 та нодавлат, 28 та давлат-хусусий шерикчилик асосидаги ҳамда 727 та оилавий мактабгача таълим муассасаси фаолият кўрсатмоқда.
Уларда 108 минг 621 нафар ўғил-қизлар тарбияланмоқда. Бу вилоятдаги 3-7 ёшгача бўлган 315 минг 28 нафар болаларнинг 34,5 фоизини ташкил қилади.
Мактабгача таълим муассасалари сонини кўпайтириш вилоят ҳокимлигида ҳар ҳафтанинг сешанба ва жума кунлари муҳокама қилинишига қарамасдан амалий ишларда ўзгаришлар мутлақо сезилмаяпти. Нега?
Жорий йилда вилоятда жами 540 та шундан, 152 таси нодавлат, 388 таси давлат-хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш режалаштирилган. Вилоят ҳокимлигида ўтказилган аппарат йиғилишида қайд этилишича, режалаштирилган 388 та давлат-хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим муассасасидан 137 таси ёки 35 фоизи бўйича битим тузиш ишлари бошланмаган.
Шунингдек, 44 та давлат-хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим муассасаларига 1 фоизлик имтиёзли кредит ажратилмаган.
Бундан ташқари, 3 та нодавлат мактабгача таълим муассасаларининг қурилиш ишлари тўхтаб қолган.