Самарқандда 5 та туманда уруғчилик хўжаликлари тубдан ислоҳ қилинади, кредитлар замонавий йўналишларга берилади

Президентимизнинг жорий йил 11 августдаги “Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қишлоқ хўжалигида қулай агробизнес муҳитини ва юқори қўшилган қиймат занжирини яратиш, илмий-тадқиқот муассасаларининг фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш, уларнинг моддий-техника базасини яхшилаш, соҳага жаҳон тажрибаси асосида қишлоқ хўжалигида билим, инновациялар ва агрохизматлар тизимини кенг жорий этиш мақсадида вилоят ҳокимининг қарори ҳам қабул қилинди.

Бунда қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизими доирасида вилоят агротеххизматлар марказини ташкил этиш, хусусий бизнес ва илмий-тадқиқот муассасаларини жалб этган ҳолда демонстрация майдонларини, замонавий лаборатория, IT технология, зарурий иншоот ва инфратузилмаларни яратиш ҳамда “экстеншн” фаолиятини йўлга қўйиш белгиланган. Агротеххизматлар марказида селекция, уруғчилик, фитосанитария, тупроқ, сув таҳлили ва озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини назорат қилиш, ин-витро, IT бўйича стационар ва кўчма лабораторияларни қамраб олган идоралараро ҳудудий юқори технологияли лаборатория ташкил этилади. Илмий-тадқиқот муассасалари ҳамда агросаноат мажмуига кирувчи ташкилотларнинг фаолиятини вилоят агрохизматлар маркази орқали самарали ташкил этиш, зарур инфратузилма ва технологиялар билан таъминлаш, хусусан, 4 та илмий тадқиқот институти станциялари ва 6 та ихтисослаштирилган ташкилотлар вилоят агрохизматлар маркази имкониятларидан фойдаланган ҳолда фаолияти йўлга қўйилиб, зарурий техника ва технологиялар билан таъминланади.

Вилоят қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилиги ривожлантирилиб, Иштихон, Паст Дарғом, Каттақўрғон, Пахтачи ва Пайариқ туманларида ташкил этилган “Элита уруғчилик хўжалиги” масъулияти чекланган жамиятлари тубдан ислоҳ қилинади. Мева-сабзавотчилик тармоғида кредитлар фақат интенсив боғ ва токзорлар яратиш, маҳсулотни қайта ишлаш, қадоқлаш, сақлаш ва ташиш. Энергия тежайдиган суғориш тизимларини, замонавий иссиқхоналардан ташқари очиқ майдонларда сув тежовчи, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологияларини жорий этишга берилади.