Самарқандда 65 та лифт ишламаяпти. Оқибатда кексалар зиналарда азоб чекмоқда
Шу йилнинг 17-18 март кунлари давлатимиз раҳбари вилоятимизга ташриф буюрганида бу масала ҳам тилга олиниб, 2019-2020 йилларда мавжуд лифтларнинг барчаси янгиланиши лозимлиги белгилаб берилди.
Энди тегишли ташкилотлар, хусусан, уй-жой мулкдорлари ширкатлари олдида асосий вазифа турибди – янгилангунга қадар, лифтларни таъмирлаб, ишлатиб туриш. Негаки, айни вақтда кўп қаватли уйларда 3 “А” уйдаги каби кексалар ва беморлар сони ҳам оз эмас. Тасаввур қилинг, 8 ёки 9-қаватда яшовчи хонадонлардан бирида кимнингдир тоби қочиб, аҳволи ёмонлашса, унга зудлик билан тез тиббий ёрдам керак бўлса, беморнинг яқинлари бошини қайси деворга уради? Тез тиббий ёрдам ходими 9-қаватга халлослаб, югуриб чиқди ҳам дейлик. Беморни тиббиёт муассасасига олиб бориш керак бўлса, шунча зинадан кўтариб олиб тушиладими?
Лифт таъмири неча сўм?
Кимёгарлар шаҳарчасида 7 та тўққиз қаватли уй бўлса, ҳар бир уйда фуқаролар лифтдан шикоят қилишди. Айтайлик 26-уйнинг лифти мудом бир ишлаб, бир бузилса, яқиндагина таъмирланган 29-уйнинг лифтлари яна носоз ҳолатга келган. Ушбу уйда яшовчилар ишлаган тақдирда ҳам лифтдан фойдаланишга қўрқиб қолган. Чунки истаган вақтда бузилиб қолиши мумкин.
Бизни ҳайрон қолдирган нарса шу бўлдики, Кимёгарлар шаҳарчасидаги айрим ширкатларда битта лифтни таъмирлаш учун каттагина маблағ ажратиларкан.
- Лифтларни таъмирлашга озмунча пул ажратмадик, – дейди “Илғор келажак сари” уй-жой мулкдорлари ширкати раиси Воҳид Назаров. – Мисол учун, “Уй-жой таъмир” корхонасига ҳар бир лифт таъмири учун ўртача 23 миллион сўмдан пул бердик. Аммо кўп ўтмай бузилиб қолмоқда.
Ушбу ширкатга қарашли уйларни кўздан кечирдик. Ростдан ҳам лифтлар таъмирланган, аммо бир ойга етмай, яна бузилган. Хўш, бундай ҳолатда нима қилиш керак? Ширкат раиси “Яна бузилиб қолди-да”, деб ўтиравериши керакми ёки таъмирлаш ишларини олиб борган корхонага қайта таъмирлаш учун талаб қўйиши керакми? 23 миллион сўм озгина пул эмас-ку.
– Ҳозирги кунда бир дона замонавий лифтнинг нархи 160 миллион сўмгача, – дейди вилоят уй-жой, коммунал хўжалик бошқармаси бўлим бошлиғи Шуҳрат Нурбеков. – Гарчи вилоятдаги мавжуд лифтларнинг барчаси ҳам маънан, ҳам моддий томондан эскириб кетган бўлса-да, шу вақтгача эътиборсиз қолиб келган. Энди бу соҳа энг долзарб масалалардан бирига айланди. Шу йилнинг ўзида ишламай турган 65 та лифт таъмирланади. Келгуси йилдан бошлаб лифтлар янгисига алмаштирилади.
Беруний кўчасидаги кўп қаватли уйларни кўздан кечирарканмиз яна юқоридаги саволни эслашга тўғри келди. “Каттаариқ” уй-жой мулкдорлари ширкатига қарашли бир нечта кўп қаватли уйларда ҳам лифтлар носозлиги кузатилади. Аммо 1 миллион сўм эвазига таъмирланади. Ўтган йили шунча миқдорда таъмирланган лифтлар ҳозир ҳам ишлаб турибди. Хўш, Кимёгарлар шаҳарчасида лифт таъмирига сарфланган маблағ учун ким жавоб беради?
Кейинги «бекат» саккизинчи қават
Лифт билан боғлиқ муаммолар бошқа ҳудудларда ҳам бор. Сартепа масканида бир-бирига қўшилиб кетган 12 ва 20-кўп қаватли уйларнинг ертўласи узоқ йиллар давомида нам бўлгани учун “Титаник” номини олган. Бугун бу уйдаги ертўлада сув муаммоси йўқ. Аммо лифт борасида бу ерда антиқа муаммо бор. Хуллас, 20-уйнинг биринчи йўлагида лифт фақат саккизинчи қават учун ишлайди. Бошқа йўлакларнинг ярмида лифт ишламайди, ишлагани эса фақат битта қават учун.
– 12-уйнинг 7-қаватидаги хонадонда 16 йилдан бери яшайман, – дейди Гулбаҳор Ҳасанова. – Узоқ йилдан буён лифт муаммоси бизни қийнайди. Кейинги вақтлар ширкатга мурожаат қилсак, бир қатор ташкилотларни айтиб, шу ерга боришимиз мумкинлигини айтади. Агар шундай бўлса, ширкат нима учун керак? Хўп, шу билан муаммо ҳал бўлса, майли эди. Аммо биз бормаган ташкилотнинг ўзи қолмади. 6-қаватдан 9-қаватгача яшайдиган аҳоли лифт учун ойига 100 минг сўм йиғиб беради. Хўш, лифт таъмирланмаса, таъмирланса-да, бир кун ўтиб бузилса, бу пул қаерга кетяпти?
Айб кимда?
Яна бир қизиқ ҳолат. Бир нечта кўп қаватли уйларда, “лифтёр” телефон рақамлари илинганига кўзимиз тушиб, шу рақам эгасини топиб гаплашдик. Махсус кийимига қараб, “Самарқанд уй-жой таъмир” давлат унитар корхонаси вакили деб ўйлагандик.
– Йўқ, мен уй-жой мулкдорлари ширкатида ишлайман, – дейди Шавкат Аҳмедов. – Лифтлар кунига бузилиб тургани учун лифт ичида одамлар қолиб кетади. Менга қўнғироқ қилса, бориб лифт эшигини темир билан очиб, уларни чиқариб оламан. Аслида меъёр бўйича лифтлар 220 вольт кучланишли электр токида ишлаши керак. Аммо неча йилки, бундай кучланишнинг ўзи йўқ, 120-160 кучланиш мавжуд, холос. Электр тармоқлари корхонасига бу ҳақда минг марталар айтилган бўлса керак. Аммо натижа йўқ.
Етарли электр кучланишни таъминлаш учун трансформаторни янгилаш керак экан. Бу уйларда яшовчиларнинг айтишича, шаҳар ҳокими ўтган йили муаммони бартараф этишни маълум қилган, жорий йил февраль ойида ҳокимлик вакиллари келиб вазиятни ўрганган, эски трансформаторларни суратга тушириб кетган.
Ҳолатга аниқлик киритиш учун «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятига мурожаат қилдик.
– Жойларда электр энергиясидан фойдаланиш ҳажмининг ўсиши ёхуд тармоқларнинг эскириши ва бошқа сабаблар билан электр кучланиши камайиши мумкин, – дейди «Самарқанд электр тармоқлари» АЖ директорининг техник ишлар бўйича ўринбосари Элёр Мамасолиев. – Ходимларимиз бу бўйича ўрганиш ўтказиб, янгилаш лозим бўлган объектларни тақдим этишади ва шу асосда янгиланади. Аммо юқоридаги ҳолат бўйича на фуқаролардан ва на тегишли ташкилотлардан бирор мурожаат келган эмас.
Мақола тайёрлаш жараёнида бир қатор ташкилотлардан улкан ваъдалару режалар ҳақда эшитдик. Ҳолат шуки, айни кунда фуқаролар носоз лифтлардан азият чекмоқда.
Ҳусан ЭЛТОЕВ,
Олим СОННИБОЕВ,
«Зарафшон» мухбирлари.