Самарқандда 84 та маҳаллада касбга ўқитиш маскани ташкил этилади

Вилоят бандликка кўмаклашиш дастурида кўзда тутилган лойиҳаларни амалга ошириш, тадбиркорлик субъектларини кўпайтириш ҳисобидан янги иш ўринлари яратиш, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси” ресурсларини жалб қилиш орқали янги иш ўринлари яратиш белгиланган. Бу масала вилоят ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда муҳокама этилди.

Унда Марказий банк вилоят бош бошқармаси, “Ўзсаноатқурилишбанк” вилоят филиали билан биргаликда Қўшработ туманида паррандачилик лойиҳасини амалга оширади. Тегишли мутасаддилар корхоналардаги бўш иш ўринлари, уларни меҳнат ресурслари билан таъминлаш мақсадида хусусий сектор ва бандлик идоралари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш учун “Самарқанд вакансия” телеграм ботини ишга туширади.

Шаҳар ва туманлар ҳокимликлари билан биргаликда мавжуд 63 та кооперативлар сонини 150 тага етказиш ва қўшимча 1166 нафар аҳолининг шахсий томорқаларини ривожлантириш мақсадида ажратиладиган субсидиялар орқали 1,9 минг ишсиз фуқаронинг бандлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади.

Самарқанд шаҳрида “Ишга марҳамат” мономаркази ташкил этиш Каттақўрғон шаҳрида ишсизларни касбга ўқитиш марказини таъмирлаш, вилоятда 84 та маҳаллада касбга ўқитиш масканлари ташкил этилади.

Шунингдек, вилоятда халқаро ва хорижий молия институтларининг кредит линиялари маблағлари ҳисобидан иссиқхоналар, интенсив боғлар, музлаткичли омборхоналар ташкил этиш лойиҳаларини амалга ошириш учун кредит маблағларининг ажратилиши ҳам муҳокама этилиб, мутасаддиларга тегишли тавсиялар берилди.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.