Самарқандда байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича жаҳон чемпионати якунланди
Мусобақада 50 дан ортиқ мамлакатдан 500 нафарга яқин спортчи дунё биринчилиги учун беллашди.
Иштирокчилар уч кун давомида 200, 500, 1000 ҳамда 5000 метр масофаларда стартга чиқди.
Бугун чемпионатнинг сўнгги финал баҳсларида эшкак эшувчилар 5000 метр масофага 4 та дастур билан иштирок этди.
Афсуски, унда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари шоҳсупага кўтарила олмади.
Каноэчимиз Нурислом Тўхтасин ўғли шоҳсупага кўтарилишга жуда яқин келди. Бироқ у якунда марра чизиғини тўртинчи бўлиб кесиб ўтди.
Аёллар ўртасидаги пойгада Дилноза Раҳматова ўнинчи натижани қайд этди. Худди шу масофада байдаркачилар ўртасидаги беллашувда Ярослав Славгородский ўн учинчи кўрсаткичга эга бўлди. Аёллар баҳсида яна бир спортчимиз Шаҳризода Мавлонова финишга етиб кела олмади.
Мусобақалар натижасига кўра, Халқаро каноэ федерацияси (ICF) байроғи остида ҳаракат қилган спортчилар умумжамоа ҳисобида биринчиликни қўлга киритди.
Шунингдек, мусобақа давомида Венгрия, Португалия, Хитой, Германия, Испания ҳамда Полша мамлакатлари спортчилари шоҳсупага кўтарилди.
Чемпионат якунида ғолиб ва совриндорлар тақдирланди.