Самарқандда бугун бошланган тест синовига 995 нафар, СамДУда ўтказилган ижодий имтиҳонларга 64 нафар абитуриент келмади

Бугун, 2 сентябрь куни Самарқанд вилоятида белгиланган тўрт ҳудудда абитуриентлар учун тест синовлари бошланди. Карантин талабларига мувофиқ тест синовлари икки навбатда ўтказилди. Тест синовларининг ҳар навбатида 6 минг 120 нафар абитуриент тест топшириши режалаштирилган бўлиб, бир кунда 12 минг 240 абитуриент имтиҳон топширади. Аммо 995 нафар абитуриент тест синовига келмади. Қўл телефони олиб киришга уринган бир нафар абитуриент имтиҳондан четлатилди.

Эслатиб ўтишимиз лозим, абитуриентларнинг ота-оналари жараённи маҳаллий телевидение ёки test2020.uz сайти орқали онлайн кузатиб боришлари мумкин.

***

Самарқанд давлат университетида тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси йўналишида ижодий имтиҳонлар бошланди. Имтиҳон университетнинг физика факультети биноси ҳовлисида, очиқ жойда ўтказилди.

Ижодий имтиҳонда 6 гуруҳ қатнашди. Ҳар бир гуруҳдан номзодлар чиқиб, комиссия аъзолари тузган имтиҳон билетлардан бирини танлади. Абитуриентлардан билетда кўрсатилган тасвирни қалам ёки бўёқда чизиш топширилди. Ҳар бир гуруҳ яқинига танланган график қўйилди ва чизиш учун 1 соат вақт берилди.

Имтиҳон тугагач, чизмалар махсус рақамланиб, баҳолаш учун мутахассисларга берилди. Тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси йўналишида абитуриентлар фақат ижодий имтиҳон топширади. Ушбу йўналишда имтиҳонлар 8 сентябргача давом этади.

Шуниси ажабланарлики, 180 нафар абитуриент қатнашиши керак бўлган ушбу ижодий имтиҳонга 64 нафар абитуриент келмади.  

***

2 сентябрдан бошлаб олий таълим муассасаларида 2020-2021 ўқув йили расман бошланди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабарига кўра, республика олий таълим муассасаларидаги ўқув жараёни тасдиқланган ўқув режалари асосида масофавий шаклда онлайн тарзда йўлга қўйилади.