Самарқандда ҳайдовчи ЙПХ ходимига пора бераётган вақтида ушланди

Жорий йилнинг 27 август куни соат 11:20 ларда Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ бўлинмалари ЙПХБ 1-отряд ЙПХ инспектори И.Гулямов томонидан М-39 “Тошкент-Термиз” йўлининг 1081-километрида “Малибу-2” русумли, давлат рақам белгиси бўлмаган автомобиль тўхтатилиб текширилганда, ҳайдовчи, 1991 йилда туғилган Х.Ж. меъёрий ҳужжатларсиз, давлат рақам белгисини ўзбошимчалик билан ечиб, ЙҲХБдан тегишли рухсатнома олмасдан, автомобилнинг ён ва орқа ойналарини қорайтириб олган ҳолда бошқариб келаётганлиги аниқланган ва ҳайдовчига нисбатан белгиланган тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилиб, транспорт воситаси вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилган.

Жорий йилнинг 27 август куни соат 12:15 ларда Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХБ штаб видеокузатув гуруҳи кичик инспектори Ф.Эргашев маъмурий амалиёт хонасида хизмат вазифасини бажараётган вақтда олдига фуқаро Х.Ж. келиб автомашинасини жарима майдончасидан чиқариб бериш эвазига 1.500.000 сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида бермоқчи эканлигини маълум қилган. Ходим фуқаро Х.Ж. билан ўрталарида бўлган суҳбатни телефон аппаратига ёзиб олганлигини, мазкур ҳолат бўйича тезкор тадбир ўтказилиб, фуқаро Х.Ж.га нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Жорий йилнинг 27 август куни соат 17:00 ларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро Х.Ж. кичик инспектор Ф.Эргашевнинг хизмат хонасида 1.500.000 сўм пулни пора сифатида берган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.