Самарқандда “Иссиқлик манбаи” ДУК ишчиларининг тўланмаган 29 миллион сўмдан кўпроқ иш ҳақи ундириб берилди

Самарқанд шаҳар адлия бўлимига “Коммунал Навқирон Сервис” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатида чилангар бўлиб ишловчи С.Савченко олти ойдан буён иш берувчи унинг ойлик иш ҳақини бермаётганлигини айтиб мурожаат қилди.

Мурожаат юзасидан ўрганиш ўтказилганда ширкат Сергий Савченкога ва яна икки нафар ходимига ойлик иш ҳақларини тўламай келинаётганлиги аниқланди. Ишчи-ходимлар манфаатидан келиб чиқиб, адлия бўлими фуқаролик ишлари бўйича шаҳар судига ариза киритди. Суднинг тегишли буйруғи асосида ишчи-ходимларга 12 миллион 641 минг сўм миқдоридаги иш ҳақлари ундириб берилди.

Шунингдек, “Иссиқлик манбаи” давлат унитар корхонасида ишловчи фуқаро Наврўз Ҳайдаров ҳам шундай мазмундаги шикоят билан мурожаат қилди. Ўрганиш давомида корхона томонидан ходимга 4 миллион 190 минг 426 сўм иш ҳақи ҳисобланганлиги, аммо тўлаб берилмаганлиги аниқланди. Шу билан бирга корхонада ишловчи яна 12 нафар ходим ҳам маошини ололмаётганлиги маълум бўлди. Фуқаролик ишлари бўйича шаҳар судида кўриб чиқилган иш хулосасига асосан корхона томонидан ходимларига ҳисобланган 29 миллион 595 минг 401 сўм миқдоридаги иш ҳақлари ундирилди.

Мақсуд АМИРОВ,

Самарқанд шаҳар адлия бўлими етакчи мутахассиси.